Суғурта энг мақбул ҳимоядир
Бугунги бозор иқтисодиётида кутилаётган хатарларни ҳимоялашнинг энг мақбул усули суғуртадир.
Миллий матбуот марказида “Ўзагросуғурта” акциядорлик жамияти томонидан ташкил этилган матбуот анжуманида асосий эътибор мамлакатимиз миллий суғурта бозорини ривожлантириш, аҳолининг мазкур молиявий хизмат турларига бўлган ишончини мустаҳкамлаш ва жамиятда суғурта маданиятини юксалтириш борасида амалга оширилаётган ишларга қаратилди.
Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 2 августдаги “Ўзбекистон Республикасининг суғурта бозорини ислоҳ қилиш ва унинг жадал ривожланишини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан маълумот берилди.
Бугунги бозор иқтисодиётида кутилаётган хатарларни ҳимоялашнинг энг мақбул усули суғуртадир. Шунинг учун ҳам айрим фаолият турларини мажбурий шаклда амалга ошириш молиявий зарарларни камайтиришда муҳим аҳамиятга эга.

“Ўзагросуғурта” АЖ Мажбурий суғурта департаменти бош менеджери Санжар Саидаҳмедовнинг маълум қилишича, кейинги йилларда мажбурий суғурта турлари бўйича кўрсатилаётган хизматларнинг ҳажми ортиб бормоқда. Хусусан, 2019 йилнинг ярмида мажбурий суғурта турлари бўйича 33,4 миллиард сўм йиғилди. Шу билан бирга мижозларга 6,7 миллиард сўм суғурта товони тўлаб берилди. Аксарият суғурта шартномалари амалда бўлиб, йил давомида шартномаларда белгиланган мажбуриятлар ижроси таъминланади.
“Ўзагросуғурта” АЖ томонидан иш берувчилар, транспорт воситалари эгалари ва ташувчиларнинг фуқаролик жавобгарлиги, шунингдек, қурилиш-монтаж ишлари вақтидаги хатарлар, хавфли ишлаб чиқариш объектида авария юз берган тақдирда бошқа шахсларнинг ҳаёти, соғлиғи ёки мол-мулкига ва атроф муҳитга зарар етказганлик учун фуқаролик жавобгарлиги мажбурий суғурта қилинмоқда. Бундан ташқари, қутқарув хизматлари ва тузилмаларининг қутқарувчилари, шу билан бирга ваколатли суд органларида фаолият юритаётган судьяларнинг ҳаёти ва соғлиғини давлат томонидан мажбурий суғурта қилиш бўйича шартномалар тузилмоқда.
“Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни ижросини таъминлаш борасида жамият томонидан 2019 йилнинг биринчи ярмида 16 миллиард 917 миллион сўмдан ортиқ суғурта мукофоти тушуми таъминланган бўлса, 2,9 миллиард сўмлик суғурта товони тўлаб берилди. Бу эса фуқароларнинг соғлиғи, ҳаёти ҳамда мулкий манфаатларига етказилган зарарни қоплаш борасидаги натижалар нисбатан ижобий томонга силжиганлигидан далолат беради.

Тадбирда мутахассислар “Иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида“ги Ўзбекистон Республикаси қонуни мамлакатимиз аҳолисининг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоялаш, уларнинг ижтимоий муҳофазасини таъминлаш борасидаги муносабатларни тартибга солишда муҳим омил бўлаётганини алоҳида қайд этди. Мазкур қонунга кўра, ишлаб чиқариш билан боғлиқ бахтсиз ҳодиса ходимнинг ногиронлигига ёки вафот этишига сабаб бўлса, жабрланувчи ёки вафот этган ходим қарамоғидаги меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоларига бир йўла бериладиган нафақа тўланади. Шунингдек, вояга етмаган болаларига ва бошқа зарарни ундириш ҳуқуқига эга шахсларга маълум муддат давомида ҳар ойлик тўловлар амалга оширилади.