Стокгольмда Ўзбекистоннинг сув танқислигига қарши курашиш бўйича тажрибаси тақдим этилди
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бошқарув самарадорлиги агентлиги ҳамда Швециянинг Стокгольм халқаро сув институти (СИWИ) ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди. Ҳужжат Стокгольмда ўтаётган “Wорлд Wатер Wеек - 2026” доирасида ишлаб чиқилган.
Ушбу ҳамкорликнинг асосий мақсади – мамлакатимизда сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш, соҳада институционал самарадорликни ошириш ва барқарор ривожланишни таъминлашга қаратилган қўшма ташаббусларни амалга оширишдан иборат. Ҳамкорликда сув ва иқлим дипломатияси масалаларига алоҳида эътибор қаратилади.
Ҳамкорликда давлат хизматчилари, соҳа мутахассислари, ёш тадқиқотчи ва талабалар учун сув дипломатияси, иқлимга мослашиш, халқаро музокаралар, низоларнинг олдини олиш, ҳавза бошқаруви ҳамда илм-фан ва сиёсат ўртасидаги алоқалар мустаҳкамланади. Ўқув ва амалий дастурлар ташкил этилади. Миллий қонунчилик ва институционал сиёсатни инобатга олган ҳолда қўшма тадқиқотлар ўтказилади. Илмий нашрлар, янги услубият ва инновацион ишланмаларни ўзаро бўлишиш йўлга қўйилади.

Ушбу ҳамкорлик сув ресурсларини барқарор бошқариш ва соҳага замонавий, халқаро ёндашувларни жорий этиш орқали мамлакатимиз ва бутун минтақанинг экологик барқарорлигини таъминлашга хизмат қилади.
Маълумот учун айтиб ўтиш керакки, Стокгольмда ўтаётган “Wорлд Wатер Wеек - 2026” доирасида Президент Администрацияси раҳбари ўринбосари Т.Бутунбаев Ўзбекистоннинг сув танқислигига қарши курашиш бўйича тажрибасини тақдим этди.

Унда 2017 йилда сув тежовчи технологиялар суғориладиган ерларнинг бир фоиздан ҳам кам қисмини қамраб олган бўлса, бугун бу кўрсаткич 60 фоиздан ошган – 2,6 миллион гектарга етгани ва йилига 11 миллиард куб метр сув тежалаётгани, 2030 йилга бориб бу рақамни 15 миллиард куб метрга етказиш режалаштирилгани таъкидланди.
Н.Абдураимова, ЎзА