Спорт фахрийларига эҳтиром кўрсатилди
Байрамлар, муҳим саналар арафасида фахрийларни қадрлаш, уларга ҳурмат кўрсатиш, ҳолидан хабар олиш халқимизга хос юксак фазилатдир. Наврўз умумхалқ байрами арафасида Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси, Касаба уюшмалари федерацияси ташаббуси билан бир гуруҳ спорт фахрийларига эҳтиром кўрсатилди.
Миллий олимпия қўмитасида ўтган тадбирда фахрийларимизнинг узоқ йиллик фидойи меҳнати ҳамиша давлатимиз эътиборида эканлиги таъкидланди.

Тадбирда 80 ёшни қарши олган фахрий мураббий Омон Тоймуродовга Миллий олимпия қўмитасининг эсдалик медали топширилди. Шунингдек, бир қатор фахрийларга Касаба уюшмалари федерацияси кўкрак нишонлари, байрам иштирокчиларига совғалар ва пул мукофотлари берилди.

Фахрийлар мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спорт соҳасида улкан ислоҳотлар амалга оширилаётганини эътироф этиб, давлатимиз томонидан кўрсатилаётган эътибордан мамнунлигини билдирди.
Т.Рўзиев,
ЎзА