Spiegel: “Ўзбекистоннинг асосий бойлиги – унинг халқи”
“Spiegel” (“Кўзгу”) журнали Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятига бағишланган рангли реклама рисоласини нашр этди.
Бош қароргоҳи Гамбургда жойлашган энг йирик ижтимоий-сиёсий нашрлардан бири “Spiegel” (“Кўзгу”) журнали Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятига бағишланган рангли реклама рисоласини нашр этди.
Хориждаги анъанавий дам олиш масканлари германиялик сайёҳлар учун тобора жозибасини йўқотиб, комплексли турлар ўтмишда қолмоқда. Туристик тенденциялар ўз қоидаларини айтмоқда ва замонавий турист таътилини ўзи ташкил қилмоқда — чипталарни, меҳмонхоналарни брон қилиб, ўзи экскурсияларга буюртма бермоқда. Германияликлар орасида таътилни соғлиқ учун фойда билан ўтказиш тобора оммалашиб бормоқда.
Гамбургдаги “BAT” Илғор тадқиқотлар фонди маълумотларига кўра, немис сайёҳларининг қарийб 70 фоизи ушбу таътил турини афзал кўради.
Турли шаҳарларга экскурсиялар эса Германия аҳолисининг 61 фоиздан ортиғини жалб қилади. Бу йўналишда Буюк Ипак йўли мамлакатлари айниқса машҳур бўлиб бормоқда. “Spiegel” журналида шу ҳақда мақола чоп этилди.
Журналда таъкидланишича, Самарқанд ва Бухоронинг мовий гумбазлари, саҳрода жойлашган қадимий шаҳар – Хива шаҳри ва шиддат билан ўсиб бораётган Тошкент шаҳри бутун дунёдан сайёҳларни ўзига жалб қилиши мумкин бўлган энг гўзал шаҳарлар туркумига киради.
Қўлланма Буюк Ипак йўлининг тарихий шаҳарлари — Хива, Бухоро, Самарқанд ва Тошкент орқали ўтувчи ўн кунлик сайёҳлик маршрутини ўз ичига олган салоҳиятли немис сайёҳлари учун мўлжалланган. “Қадимги даврлардан бери карвонлар Буюк Ипак йўли бўйлаб Хиванинг ажойиб воҳалари, бепоён Қизилқум чўли этаклари, қадимий Бухоро ва Самарқанд шаҳарлари бўйлаб саёҳат қилишган.
– Сиз ўрганилмаган сеҳрли Шарқ бўйлаб саёҳат қилишингиз ва ўзингизни “Шаҳризоданинг 1001 кечаси” эртагидаги каби ҳис қилишингиз мумкин, дейди “Spiegel” журнали муаллифи.–Шарқнинг машҳур шаҳарлари, қадимий меъморий ёдгорликлари ва нафис ошхоналари билан бир қаторда Ўзбекистоннинг асосий бойлиги – унинг халқи. Шарқона самимий меҳмондўстликни ҳис этинг.
Маълумот учун: “Spiegel” журнали 1940 йилларнинг охиридан бери нашр этилади ва “Bertelsmann Media Group” медиа компанияси таркибига киради. Журналда Германия ва хорижий мамлакатларнинг сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ҳаётидаги асосий ҳодисалар ёритилади.
Ҳафталик адади — 1 миллион нусхадан ортиқ. 2020 йил январь ойидан бошлаб у “Usbekistan – Magische Seidenstraße” (Ўзбекистон — Ипак Йўли мўъжизаси) деб номланган реклама қўлланмасини тарқатмоқда.
Таъкидлаш лозимки, сўнгги йилларда германиялик сайёҳлар таътилларини тобора кўпроқ Ўзбекистонда ўтказишни режалаштиришмоқда. Статистикага кўра, Германиядан Ўзбекистонга сайёҳлар сони 4 бараварга кўпайди ҳамда 2019 йилда қарийб 30 минг кишини ташкил этди. Бунда Германия фуқаролари учун 30 кунлик визасиз режимнинг жорий этилиши муҳим аҳамият касб этди.
Бундан ташқари “Lonely Planet” нашрида ёзилишича, Ўзбекистон 2020 йилда саёҳат учун энг яхши 10 йўналиш рўйхатига киритилган. Бундан ташқари, Германия медиа гигантлари, сайёҳлик агентликлари Ўзбекистонни сайёҳлик йўналиш сифатида фаол тарғиб қилмоқда.