Сўнгги ўн йилда мамлакатимизда 10 миллион аҳолига хизмат кўрсатадиган янги поликлиника ва шифохоналар ишга тушди
Президент Шавкат Мирзиёевнинг тиббиёт ва фармацевтика соҳаси ходимлари билан учрашуви бошланди. Давлатимиз раҳбари уларни яқинлашиб келаётган касб байрами билан табриклаб, меҳнати учун миннатдорлик билдирди.
– Оиласининг бахтини кўриш, ҳалол меҳнат қилиб, орзуларига етиш, умрини мазмунли ўтказиш учун одамга, аввало, соғлиқ керак. Шу боис, инсон саломатлигини асрашни ислоҳотларимизнинг энг муҳим йўналишларидан бири этиб белгилаганмиз,– деди Президентимиз.
Сўнгги ўн йилда мамлакатимизда 10 миллион аҳолига хизмат кўрсатадиган янги поликлиника ва шифохоналар ишга тушди, 58 минг шифо ўрни яратилди. Замонавий шифохоналар кўпайиб, хусусий секторга кенг имконият берилгани туфайли тиббий хизматлар ҳажми уч карра ошди.
Илгари чет элда амалга оширилган туғма юрак нуқсонлари, аъзолар трансплантацияси, робот жарроҳлиги ва бош миядаги мураккаб жарроҳлик амалиётлари каби юздан зиёд хизматлар бугун мамлакатимизда бажарилмоқда.
Президентимиз бу натижаларда тиббиёт ходимларининг билим ва маҳорати ҳал қилувчи ўрин тутаётганини қайд этди.
ЎзА