Солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари тушунтирилди
Бухоро вилояти солиқ бошқармасида вилоят давлат солиқ хизмати органлари ходимлари учун иқтисодий ўқув соати ўтказилди.
Вилоят солиқ бошқармаси масъул ходими Э.Гадоев солиқ ва бюджет сиёсатининг 2024 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари бўйича иштирокчиларга тушунтиришлар берди.
Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 28 декабрдаги “Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2024 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ҳамда Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 25 декабрдаги “2024 йил учун Ўзбекистон Республикасининг давлат бюджети тўғрисида”ги қонунлари мазмун-моҳияти кенг тушунтириб берилди.
Қонунларга кўра, тадбиркорлик субъектлари манфаатидан келиб чиқиб, уларга қулайлик яратиш мақсадида 2024 йил учун белгиланган солиқ сиёсатида асосий солиқ ставкалари – қўшилган қиймат солиғи, фойда, жисмоний шахслардан олинадиган даромад, юридик шахсларнинг мол-мулк, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар учун ер солиғи, ижтимоий солиқ, айланмадан олинадиган солиқлар ўзгаришсиз қолдирилди. Шу билан бирга, тадбиркорлик субъектлари учун қўшимча енгилликлар яратиш мақсадида камерал солиқ текширувида тадбиркордан ҳужжат талаб қилиш, бино ва ҳудудларига кириш ёки уни идорага чақириш тақиқланади.

Солиқ мажбурияти бўйича даъво қилиш муддати 5 йилдан 3 йилгача қисқартирилди. Фойда солиғи бўйича ҳар ой бўнак тўловларини тўлаши лозим бўлган тадбиркорлар даромадининг чегаравий миқдори 5 миллиард сўмдан 10 миллиард сўмга оширилди.
Тадбирда солиқ хизмати ходимларига солиқ тўловчиларнинг мажбуриятлари, солиқ ҳисоботини сақлаш ва солиқ мажбурияти бўйича даъво қилиш муддатлари, ортиқча тўланган солиқни ҳисобга олиш ёки қайтариш, ортиқча ундирилган солиқни ҳисобга олиш ёки қайтариш ҳамда камерал солиқ текшируви тартиблари, трансферт нархни белгилашда солиқ назорати, жавобгарликка тортиш муддатининг ўтиши, ресурс солиқларининг ўз вақтида тўланишини таъминлаш ҳамда қатъий белгиланган миқдорлардаги солиқ ва бошқа ставкалари ҳақида батафсил маълумот берилди.
Ўқув-семинар якунида иштирокчиларни қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан жавоб берилди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири