Соҳибқирон Амир Темур даврида кончилик ва маъданчилик тараққиёти
Буюк давлат арбоби ва саркарда, илм-фан, маданият ҳамда санъат ҳомийси – Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги муносабати билан ОКМКда бир қатор тадбирлар ўтказиб келинмоқда.
Жумладан, Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Маънавият ва маърифат маркази, Фанлар академияси, Халқаро Амир Темур жамоат фонди ҳамда “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” АЖ ҳамкорлигида “Амир Темурнинг Чоч ва Илоқдаги фаолияти даврида кончилик ва маъданчилик” мавзусида Республика илмий-амалий анжумани ташкил этилди.

Унда Республика Маънавият ва маърифат маркази бошлиғи Отабек Ҳасанов, Халқаро Амир Темур жамоат фонди раиси Муҳаммад Али, Ўзбекистондаги биринчи академик мақомини олган олима аёл Дилором Юсупова, “Фан ва тараққиёт” ДУК директори Нодира Абед, Ўзбекистон тарихи музейи директори Жаннат Исмоилова, Сиёсий фанлар доктори Назрулла Жўраев, Филология фанлари доктори, профессор Ҳамидулла Дадабоев, Ўзбекистон халқ артисти Хайрулла Лутфуллаев, таниқли олимлар, зиёлилар ҳамда олий ўқув юртлари ректорлари, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти ижодкорлари, ОКМК масъуллари иштирок этди.

– Бугун мамлакатимизда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги кенг нишонланмоқда, – дейди Республика Маънавият ва маърифат маркази бошлиғи О. Ҳасанов. – Мустақилликнинг илк йилларидаёқ, хусусан, 1993 йилда иқтисодий қийинчиликларга қарамасдан, Амир Темур ҳайкали пойтахтимизда ўрнатилди. Зеро, Амир Темур мустақиллик рамзи сифатида юксак қадрланади. Яна бир муҳим жиҳат – пойтахтимиздаги Темурийлар тарихи давлат музейи 1996 йилдан буён таъмирланмаган эди. Муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан дунёдаги нуфузли музейларнинг илғор тажрибалари асосида мазкур музей биноси реконструкция қилинди. У замонавий жиҳозлар билан таъминланди, рақамлаштириш орқали имкониятлар кенгайтирилди, экспозицияларни янгилаш ва бойитиш ишлари амалга оширилди. Музей миллий ғурур ва ифтихор туйғуларини уйғотадиган маскан ҳисобланади. Зеро, тарих фани инсонда ўзликни англаш ва миллий ғурурни шакллантиришга хизмат қилади. Бугунги анжуманда ҳам Амир Темур бобомиз меросини ўрганиш жараёнида манбаларда учрайдиган хатоларни бартараф этиш, мавжуд муаммоларга ечим топишга қаратилган муҳим масалалар муҳокама қилинди. Буюк аждодимиз ҳақида тарқалган нотўғри маълумотларни тажрибали тарихчилар иштирокида чуқур ўрганиб, холисликни таъминлаш зарур. Айниқса, бугунги кунда Амир Темур меросини ўрганиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, кинокартиналар ва анимацион фильмлар яратилмоқда.

Илмий-амалий анжуманда Соҳибқирон Амир Темурнинг ҳаёти ва фаолияти, унинг жаҳон тарихида қудратли давлат барпо этган йирик сиёсий арбоб сифатидаги ўрни, Чоч ва Илоқ ҳудудларидаги илм-фан тараққиёти, шунингдек, ўша даврда маъданчилик ва заргарчилик ривожи каби йўналишлар қамраб олинди.

Шунингдек, тадбирда Амир Темур зарб қилдирган олтин ва кумуш тангалар, мис чақалар, қурол-аслаҳа ҳамда зеб-зийнат буюмлари, шу даврда кончилик, мисгарчилик, темирчилик ва ҳунармандчиликнинг юксак тараққиётига оид қизиқарли маълумотлар берилди.
Темуршунос олимлар томонидан тадбир давомида бир қатор қизиқарли маълумотлар ҳам тақдим этилди. Тарихий манбаларга кўра, Амир Темур даврида Чоч (Тошкент воҳаси) ва Илоқ (Оҳангарон водийси) ҳудудлари нафақат стратегик муҳим ҳарбий-сиёсий марказ, балки салтанатнинг асосий маъдан хом ашёси базаси ҳисобланган. Соҳибқирон бу ҳудудлардаги табиий бойликлардан давлат қудратини мустаҳкамлаш ва ҳарбий саноатни ривожлантиришда унумли фойдаланган. Илоқ водийси (ҳозирги Олмалиқ ва Оҳангарон ҳудудлари) қадимдан ўзининг бой конлари билан машҳур бўлган. Темур даврида бу ерда кончилик янги босқичга кўтарилган. Оҳангарон тоғ тизмаларида жойлашган конлардан олтин ва кумуш қазиб олинган. Бу металлар Самарқанддаги марказий зарбхоналарда тангалар ясаш учун асосий манба бўлган. Кончиликда мис, қўрғошин қазиб олиш ҳажми ортган. Оҳангарон водийсидаги маъдан эритиш печларининг қолдиқлари бу даврда металлургия юксак даражада бўлганлигини кўрсатади.

Ҳудуддаги мис конлари Темур даврининг машҳур мис буюмлари, жумладан, катта ҳажмдаги қозонлар ва меъморий обидалар учун керакли металл қотишмаларини етказиб берган.
Сўзга чиққанлар Соҳибқироннинг бой тарихий мероси, давлат бошқарувидаги юксак салоҳияти, илм-фан ва маданият ривожига қўшган беқиёс ҳиссаси ҳақида батафсил маълумот берди. Анжуманда Амир Темур ҳақидаги маълумотларни инглиз, рус ва хорижий тилларда ҳам ижтимоий тармоқлар ва интернет платформаларида тарқатиш, ёшларимиз учун бобомиз ҳақида тарихий маълумотларни улашувчи кўпроқ содда ва оддий миллий контентлар тайёрлаш каби таклифлар илгари сурилди.
Тадбир давомида “Металлург” маданият саройи хонандаси Уйғун Тавбоев ижросидаги Соҳибқирон ҳақида қўшиқ барчага манзур бўлди. Шунингдек, Ўзбекистон халқ артисти Хайрулла Лутфуллаев ҳамда Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти хонандалари ижросидаги тароналар ҳам олқишларга сазовор бўлди. Иштирокчилар бу йил март ойида давлатимиз раҳбари бошчилигида ишга туширилган 3-Мис бойитиш фабрикаси ишлаб чиқариш жараёни билан ҳам танишди.

– Анжуманнинг айнан Олмалиқ шаҳрида ўтказилиши бежиз эмаслигига комбинатда амалга оширилаётган ислоҳотлар билан танишгач, яна бир бор амин бўлдим, – дейди тарих фанлари доктори, профессор Абдухалил Маврулов. – Нафақат Марказий Осиё, балки дунё миқёсида ҳам энг йирик саноат корхоналаридан бири бўлган мазкур мажмуада юртимиздаги кенг кўламли ислоҳотларнинг амалдаги натижаларини яққол кўриш мумкин. Тарихий манбаларда Соҳибқирон Амир Темурнинг Илоқ ҳудудида бўлгани, бу ерда қадимдан маъданчилик ривожлангани ва мазкур ўлка бой конлар макони сифатида машҳур бўлгани ҳақида ҳам маълумотлар бор.
Анжуман давомида шонли тарихимизга оид қатор қизиқарли фактлар тақдим этилди. Бундай тадбирларнинг кўпроқ ташкил этилиши ёш авлод учун ҳам муҳим амалий аҳамият касб этади.
А.Мусаев, ЎзА