Соҳадаги хизматлар сарҳисоб қилинди
Тошкент вилояти божхона бошқармаси томонидан ташкил этилган навбатдаги брифингида жорий йилнинг тўққиз ойида ҳудуд бўйича амалга оширилган ишлар ва натижалар сарҳисоб қилинди.
Хусусан, йил бошидан бошқарма томонидан жами 9,3 триллион сўмлик божхона тўловлари ҳисобланди. Шундан тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида божхона тўловларидан 4,2 триллион сўм имтиёзлар берилди. Имтиёз қўлланилган асосий товарлар асосан транспорт воситалари ва унинг эҳтиёт қисмлари, технологик асбоб-ускуналар, озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда металл хомашёлар ташкил этади.
Қарийб 1 миллиард 670 миллион доллардан ортиқ бўлган товарлар хорижий мамлакатлар бозорларига йўналтирилди. Мева ва сабзавот, транспорт ва унинг эҳтиёт қисимлари, калава ип, тўқимачилик маҳсулотлари Қозоғистон, Хитой, Россия, Туркия, Афғонистон ва Белгия каби давлатларга экспорт қилинган. Божхона постларида тўққиз ой давомида жами 103 минг 976 та божхона юк декларациялари расмийлаштирилди.
Тизимда амалга оширилган ислоҳотлар натижасида барча бўлинма, гуруҳ ва божхона постларида фуқароларга замон талаблари даражасида хизмат кўрсатиш йўлга қўйилди. Айниқса, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органлар билан ҳамкорликда гиёҳванд воситаларининг ноқонуний муомаласига қарши курашда 53 та ҳолатда 46,8 килограмм гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилди.
Бундан ташқари, товар-моддий бойликларнинг ноқонуний айланмасига қарши курашиш бўйича 2 минг 431 та ҳолатда 47 миллиард сўмга тенг товарлар ушлаб қолинди. Аҳоли саломатлиги муҳофазасини таъминлаш мақсадида вилоят божхоначилари томонидан қиймати 3 миллиард 690 миллион сўмлик 490 минг 704 минг дона сифати кафолатланмаган дори воситаларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилди.
Айни пайтда ходимлар томонидан божхона тўловларини тўлиқ таъминлаш, маҳсулотларни қайта ишлаш йўналишини кучайтириш орқали экспортни кўпайтириш, хорижий инвестицияларни ўзлаштириш ишларини мувофиқлаштириш ва озиқ-овқат саноатини ривожлантириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.


Шунингдек, “Божхона ҳудудида қайта ишлаш” божхона режимини янада кенг қўлланилишини таъминлаш ҳамда экспорт салоҳиятини ошириш борасида йил бошидан вилоят божхона бошқармасида ишчи гуруҳ ташкил этилиб, ҳудудда жойлашган 117 та ташкилотларга борган ҳолда учрашувлар ўтказилмоқда.
А.Мусаев,ЎзА.