Соҳа фахрийлари йўқланди
1 октябрь - ўқитувчи ва мураббийлар куни
Адлия органлари тизимида узоқ йиллар самарали меҳнат қилган Алишер Мардиев, «Устоз-шогирд» анъанаси асосида кўплаб шогирдларни етишиб чиқишида фидойилик кўрсатди. Қонун соҳасининг турли масъулиятли лавозимларида ишлаган паллаларда бу инсонга зиёлилик зеб берди, ҳар неки муаммо бор бўлса, муросаю мулойимлик тафти билан юмшатди. Шунинг учун бугун одамлар ва шогирдлар ардоғида, эътиборида.

1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан Давлат хизматлари агентлигининг Самарқанд вилоят бошқармаси бошлиғи М.Курбанов, бошқарма бошлиғининг ўринбосари Ш.Азизов, Самарқанд вилоят адлия бошқармаси бошлиғи С.Нуриев, бошқарма бошлиғининг ўринбосари Ж.Зоҳидов, шунингдек, Нотариал палатанинг Самарқанд вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи У.Муртазаев адлия тизимида узоқ йиллар давомида фаолият юритган фахрийлар билан учрашди. Уларга байрам совғалари, ташаккурномалар ва вазирлик томонидан ажратилган пул маблағларини топширдилар.

Шогирдлар эътиборидан мамнун бўлган соҳа фахрийси қўлларини дуога очиб, юртимизга тинчлик, ёшларнинг касб-корларига барака тилади.
Қолаверса, Самарқанд шаҳар Давлат хизматлари маркази директори лавозимида ишлаган, бугунги кунда нафақада бўлган соҳа жонкуяри Суҳроб Шодибоев, ФҲДЁ соҳасида узоқ йиллар меҳнат қилган Музаффара Аминова, Шоира Зоҳидова, Рисолат Назарова, Нодира Тоҳироваларнинг ҳам хонадонларида жам бўлишди. Уларга Бошқарма раҳбариятининг байрам табриклари ва эсдалик совғалари топширилди.
Давлат хизматлари агентлиги Самарқанд вилоят бошқармаси томонидан байрамлар ва алоҳида саналар олдидан тизимда кўп йиллар меҳнат қилган устоз фахрийларни ҳолидан хабар олиш анъанага айланган. Ушбу анъана устозлар ва соҳанинг ёш кадрлари ўртасида мустаҳкам алоқаларни ўрнатишда муҳим аҳамият касб этади.
Мафтуна Каримова, ЎзА