Соғлом фарзанд – жамият бойлиги
Фарзанд соғлом туғилиши учун аввало ота-она саломат бўлиши зарур. Шунинг учун янги оила қурилаётганда бўлажак келин ва куёвнинг қариндош-уруғи суриштирилади, ёшлар никоҳдан аввал мажбурий тиббий кўрикдан ўткказилади. Лекин саломатлик масаласи шу билан ёпилиб қолмайди. Аёл ҳомиладор бўлгач, бўлажак она ва боланинг соғлиғига яна ҳам кўпроқ эътибор қаратилади.
Айниқса, кейинги йилларда болаларда туғма ва ирсий касалликларни барвақт аниқлаш давлат дастури асосида республакамизнинг шаҳар ва туманлари даражасида пренатал ультратовуш текшируви (УТТ) скрининг хоналари ташкил этилиб, замонавий допплерли УТТ аппаратлари билан таъминланди. Бунинг натижасида нуқсон билан туғилишни камайтириш орқали туғма ногиронликнинг олди олинмоқда.
– Ўтган йили вилоятимизда ҳисобга олинган 106 минг 823 нафар ҳомиладорнинг 100 минг 370 нафари ёки 94 фоизи “бирламчи пренатал УТТ скрининг текширувлари билан қамраб олинишига эришилди, – дейди Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази Самарқанд филиали директори Лола Ҳамроева. – Бу албатта, юқори кўрсаткич. Чунки беш йил олдин бу кўрсаткич 77 фоизни ташкил этарди. Бирламчи пренатал нафақат ўша ота-она, балки жамият учун ҳам жуда самарали ҳисобланади. Яна ҳам тушунарли бўлиши учун айрим рақамларни келтираман. 2023 йил давомида вилоят скрининг маркази, шаҳар ва туман пренатал скрининг хоналарида 860 нафар ҳомиладорнинг ҳомиласида туғма ривожланиш нуқсони ҳамда хромасом аномалиялар (генетик касалликлар -Даун синдроми, Эдверс синдром) аниқланган. Уларнинг 800 нафарида туғма ривожланиш нуқсонини коррекция килишнинг имкони мавжуд бўлмаганлиги сабабли ҳомиладорлик тўхтатилган, шунча ногирон бола туғилишининг олди олинган. Таққослаш учун келтираман – 2022 йилда бу рақам 435 тани ташкил этган. Тўғри, фарзанд Аллоҳнинг неъмати, лекин у ҳар томонлама соғлом туғилсагина ота-онанинг бахти бутун бўлади.
Шунингдек, ўтган йил хромасом ёки генетик касалликларга юқори хавф бор ёки йўқлигини аниқлаш учун хавф гуруҳига кирувчи 7878 нафар ҳомиладордан қон намуналари олинган. Таҳлил натижалари бўйича юқори хавф гуруҳига кирувчи 51 нафар хомиладор республика она ва бола скрининг марказига тасдиқловчи инвазив текширув (амниоцентез амалиёти) учун юборилган.
Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 8 сентябрдаги “Оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, аҳоли репродуктив саломатлигини мустаҳкалаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига биноан 2023 йилнинг 1 октябридан Республика ихтисослашган акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт маркази, Республика репродуктив саломатлиги маркази, Республика она ва бола скрининг маркази негизида Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамда унинг ҳудидий филиаллари ташкил этилди.
Қарор билан оналар саломатлигини муҳофаза қилишнинг такомиллаштирилган тиббий профилактика ва патронаж тизими жорий қилинди. Бунда бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларидаги “тиббиёт бригадалари” ўзларига бириктирилган ҳудудларда ҳомиладор аёлларни аниқлайди, уларни ҳисобга олиш ва даврий тиббий кўрикдан ўтишини ташкил этади, туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникаларининг “Аёллар маслаҳатхонаси” бўлими билан биргаликда ҳомиладор аёллар ҳолатини доимий мониторинг қилиб боради ҳамда хавф омиллари аниқланганда марказнинг ҳудудий филиалларига юборади. Шунингдек, туғуруқдан кейинги даврда она ва боланинг даврий патронажини олиб боради ҳамда исталмаган ҳомиладорликнинг олдини олиш чораларини кўради. Репродуктив ёшдаги аҳоли ва ҳомиладор аёллар ўртасида тиббий маданият, касалликлар профилактикаси ва соғлом оилани режалаштириш бўйича тарғибот ишларини амалга оширади.
Марказнинг ҳудудий филиаллари эса хавф омиллари аниқланган аёлларни тиббий текширувдан ўтказади, уларни даволайди ҳамда зарур ҳолларда республика даражасидаги тиббиёт муассасаларига йўналтиради. Никоҳланувчилар, ҳомиладор ва туғиш ёшидаги аёллар ҳамда чақалоқларни молекуляр тиббий-генетик текширувлардан ўтказади. Ирсий касалликлар аниқланган болаларни махсус дори воситалари ва озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлайди. Соғлом оилани режалаштириш ҳамда исталмаган ҳомиладорликнинг олдини олиш чора-тадбирларини амалга оширади.
– Бу вазифаларни бажариш учун хавф гуруҳига мансуб ҳомиладор аёлларни ультратовуш текширувидан ўтказиш мақсадида Самарқанд вилоятида янги ташкил этилган учта кўп тармоқли марказий поликлиникадаги “Пренатал ташхис хона”лари ҳамда марказнинг вилоят филиали юқори технологик имкониятларга эга стационар ультратовуш сканерлари билан таъминланади, – дея сўзида давом этади Л.Ҳамроева. – Бу ўз навбатида туғма ривожланиш нуқсонлари бор ҳомилани ўз вақтида аниқлаш ва туғма ногиронликнинг камайишига ёрдам беради. Шунингдек, ҳомиладор аёлларда инвазив муолажалар учун республикамизнинг бир қатор ҳудудлари қатори бизнинг муассасамиз 5 та портатив ультратовуш сканерлари билан жиҳозланади. Шу пайтгача инвазив муолажалар асосан Тошкентда амалга оширилган ва юқори хавф гуруҳи аниқланган ҳомиладорлар марказга юбориларди.
Бундан ташқари, бир нафардан акушер-гинеколог ва цитогентик врачимизни амниоцентез техникасини амалга ошириш бўйича хорижда малака оширишга юбормоқчимиз. Бу ҳам ушбу йўналишдаги текширувларни филиалнинг ўзида ўтказиш имкониятини беради.
Умуман, бугун она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш бўйича йўлга қўйилаётган янги тизим оилаларда фақат соғлом фарзандлар дунёга келиши ва уларнинг баркамол бўлиб ўсишларига хизмат қилади.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири