Соғлиқни сақлаш соҳасида парламентлараро ҳамкорлик ва устувор вазифалар муҳокама қилинди
Танзаниянинг Аруша шаҳрида ўтаётган Парламентлараро иттифоқнинг 153-ассамблеяси доирасида Ўзбекистон делегацияси ташкилотнинг Соғлиқни сақлаш қўмитаси йиғилишлари ҳамда руҳий саломатлик масалаларига бағишланган семинарда иштирок этди.
Қўмита фаолияти тўғрисидаги ҳисобот муҳокамасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Орал Атаниязова қатнашди.
Халқаро молиялаштириш ҳажми қисқараётган шароитда репродуктив саломатлик, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш устувор йўналишлар сифатида белгиланди. Ушбу соҳалардаги дастурларнинг барқарор амалга оширилишини таъминлаш учун қонунчилик асосларини мустаҳкамлаш ва бюджетдан молиялаштиришни кўпайтириш зарурлиги таъкидланди.
Қўмита томонидан ташкил этилган «Ҳамкорлар билан мулоқот» учрашуви Орал Атаниязова раислигида ўтказилди. Унда қўмита аъзолари, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, ЮНИСЕФ, БМТнинг Аҳолишунослик жамғармаси (UNFPA) ҳамда бошқа халқаро ҳамкор ташкилотлар вакиллари иштирок этди.
Учрашувда аёллар саломатлигини муҳофаза қилиш, жинсий ва репродуктив саломатлик ҳамда ҳуқуқларни таъминлаш, ОИВ/ОИТСнинг олдини олиш, аҳолининг зарур тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди. Ўсмирлар саломатлиги, хусусан, уларнинг репродуктив саломатлигини муҳофаза қилишга алоҳида эътибор қаратилди.
О.Атаниязова Ўзбекистонда аҳолига сифатли ва қулай тиббий хизмат кўрсатиш, соҳани рақамлаштириш, аёллар саломатлигини муҳофаза қилиш ва репродуктив ҳуқуқларни таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди. Мазкур йўналишларда қабул қилинган тизимли дастурлар ҳамда аҳолининг тиббий хизматлардан тенг ва тўсиқларсиз фойдаланишини таъминлашга қаратилган бирламчи тиббий ёрдам тизимидаги ислоҳотларга тўхталди.

Халқаро ҳамкорларнинг тажриба ва таклифлари асосида соғлиқни сақлаш соҳасида парламентларнинг қонун ижодкорлиги, парламент назорати ва сиёсий мулоқот имкониятларидан самарали фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди.
«Руҳий саломатлик авлодлар нигоҳида» мавзусидаги семинарда барча ёшдаги фуқароларнинг руҳий фаровонлигини қўллаб-қувватлашга қаратилган қонунчилик стратегиялари муҳокама қилинди. Рақамли зўриқиш, иқтисодий босим ва ижтимоий ноаниқликлар билан боғлиқ руҳий саломатлик муаммолари, уларнинг олдини олиш, психологик чидамлиликни ошириш ҳамда маҳаллий жамоалар даражасида ёрдам кўрсатишга хизмат қилувчи амалий парламент ёндашувлари кўриб чиқилди.
Муҳокамаларда Орал Атаниязова мамлакатимизда руҳий касалликларга чалинган шахсларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш бўйича амалга оширилаётган қонунчилик ва амалий чора-тадбирлар, яратилган шароитлар ҳақида маълумот берди.
Маҳаллий жамоалар ва соғлиқни сақлашнинг бирламчи бўғинида ҳаммабоп психологик ёрдамни таъминлаш, руҳий фаровонлик масалаларини бандлик ва ижтимоий ҳимоя сиёсати билан уйғунлаштириш, шунингдек, психологик ёрдам сўраб мурожаат қилишга нисбатан жамиятдаги салбий қарашларни камайтириш устувор вазифалар экани таъкидланди.
Н.Абдураимова,
ЎзА