Сирдарё — инвестиция ва ҳамкорликнинг янги манзили
Сирдарё вилояти бугун нафақат инвестицияларни қабул қилаётган, балки ўзининг иқтисодий имкониятлари, ишлаб чиқариш салоҳияти ва истиқболли лойиҳалари билан хорижий бизнес вакилларини тобора кўпроқ қизиқтираётган ҳудудга айланмоқда. Бу жараённинг яна бир амалий ифодаси Гулистон шаҳрида ташкил этилган «Сирдарёда бизнес қилинг!» халқаро инвестиция форумида яққол намоён бўлди.
Вилоятнинг инвестициявий салоҳиятини халқаро бизнес ҳамжамиятига кенг намойиш этиш, янги ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш ва аниқ келишувларга эришиш мақсадида ўтказилган форумда 700 нафардан ортиқ иштирокчи қатнашди. Тадбирга 20 га яқин мамлакатдан 300 нафарга яқин хорижий инвестор, 300 нафардан зиёд маҳаллий тадбиркор, дипломатик ваколатхоналар вакиллари ҳамда 10 та ҳамкор ҳудуд делегациялари ташриф буюрди.
Сирдарё вилояти ҳокимлиги, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда Савдо-саноат палатаси ҳамкорлигида ташкил этилган форумда асосий эътибор қуруқ ваъдалар ёки умумий мулоқотларга эмас, балки аниқ лойиҳалар ва амалий келишувларга қаратилди. Шу маънода, тадбир доирасида ўтказилган B2B ва B2G учрашувлари алоҳида аҳамият касб этди.
Учрашувларда вилоятнинг инвестициявий имкониятлари, экспорт салоҳияти ва истиқболли лойиҳалари хорижий ҳамкорларга тақдим этилди. Саноат, энергетика, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, тўқимачилик, кимё саноати, электротехника, машинасозлик, қурилиш материаллари, ахборот технологиялари, транспорт-логистика ва туризм каби йўналишларда ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Инвесторларга Сирдарёда бизнес юритиш учун яратилган шароитлар, мавжуд инфратузилма, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш имкониятлари, шунингдек, давлат томонидан тақдим этилаётган имтиёз ва енгилликлар ҳақида атрофлича маълумот берилди.
Муҳими, форум доирасида хорижий давлатлар ва компаниялар вакиллари билан вилоят ҳокимлигида ҳам B2B ва B2G форматларида қатор учрашувлар ўтказилди. Музокараларда саноат ва савдо билан бир қаторда транспорт-логистика, туризм, ахборот технологиялари, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, фан ва таълим соҳаларида ҳамкорлик қилиш истиқболлари кўриб чиқилди.
Вилоят ҳокими Эркинжон Турдимовнинг хорижий инвесторлар билан ўтказган учрашувлари ҳам амалий лойиҳаларга бой бўлди.
Жумладан, Хитойнинг «Шинцзян Хэфу», «Баолун», «Сигуа», «Эй-Ай Кар» компаниялари ҳамда Чжэцзян архитектура-қурилиш тадқиқот институти вакиллари билан мулоқотда Сирдарёда питая ва манго етиштириш, балиқчиликни ривожлантириш, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ҳамда замонавий онлайн такси хизматини йўлга қўйиш бўйича инвестиция лойиҳалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, Сирдарё дарёси бўйида «Янги шаҳар» концепциясини ишлаб чиқиш, «Икки давлат — икки боғ» лойиҳаси доирасида саноат парки ташкил этиш бўйича ҳамкорлик истиқболлари кўриб чиқилди. Музокаралар якунида мазкур лойиҳаларни пухта ишлаб чиқиш ва ҳамкорликни амалий босқичга олиб чиқиш бўйича келишувларга эришилди.
[gallery-31132]
Фармацевтика соҳасида ҳам муҳим ташаббуслар илгари сурилди. Вилоят ҳокими «Novugen Pharma» компанияси бош директори Жавед Хан билан учрашиб, Сирдарё туманида фаолият юритаётган корхона ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш, янги турдаги фармацевтика маҳсулотларини ўзлаштириш ва юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш масалаларини муҳокама қилди. Томонлар лойиҳанинг кейинги босқичларини амалга ошириш ва истиқболли ҳамкорликни янада ривожлантириш юзасидан фикр алмашдилар.
Туризм соҳасидаги режалар ҳам эътиборга молик. «Лихуа Груп» компаниясининг Ўзбекистондаги меҳмонхона лойиҳаси бош директори Лу Дуншэн бошчилигидаги делегация билан учрашувда Гулистон шаҳрида замонавий, халқаро талабларга жавоб берадиган беш юлдузли меҳмонхона барпо этиш лойиҳаси атрофлича муҳокама қилинди.
Лойиҳани амалга ошириш босқичлари, меҳмонхона учун мақбул ҳудуд танлаш, зарур инфратузилмани шакллантириш ва инвестициявий ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари юзасидан фикр алмашилди. Бундай объектнинг барпо этилиши нафақат туризм инфратузилмасини бойитиши, балки янги иш ўринлари яратиши ва Гулистон шаҳрининг инвестициявий жозибадорлигини янада ошириши билан аҳамиятлидир.
Саноат соҳасида ҳам янги лойиҳалар бўйича музокаралар олиб борилди. «Yingtai Steel», «Peng Sheng» технопарки, «Shanxi Lida Paper», «Menston», «Wenren Investment», «Lucheng» технопарки ҳамда «B.A. Technopark» вакиллари билан учрашувларда ишлаб чиқариш ва инвестиция соҳаларида ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш, истиқболли лойиҳаларни Сирдарёда амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди.
Хорижий компаниялар вакилларига ҳудуднинг инвестиция салоҳияти, мавжуд инфратузилма ва инвесторлар учун яратилган қулайликлар ҳақида маълумот берилди.
Эътиборли жиҳати шундаки, бугун Сирдарёга қизиқиш билдириб келаётган хорижий инвесторларнинг айримлари ҳудуд учун мутлақо янги эмас. Ўтган йили ўтказилган «Сирдарёда бизнес қилинг» форумида меҳмон сифатида иштирок этган айрим инвесторлар бу йил яна Сирдарёга қайтиб, энди мезбон инвестор сифатида қатнашмоқда.
«Лянхэ Грейд Агро», «Тавсид Женерал», «Вузонг Энержи», «ФМ Ворлд», «Лессо», «ОТР Груп» каби компаниялар вакилларининг бу йилги форумдаги иштироки ҳам ҳамкорликнинг бир марталик тадбир доирасидан чиқиб, изчил жараёнга айланаётганини кўрсатади. Бу эса Сирдарёдаги инвестиция муҳитига бўлган ишонч тобора мустаҳкамланаётганининг муҳим белгисидир.
Бу натижалар замирида ҳудуд иқтисодиётида юз бераётган туб ўзгаришлар мужассам. Сўнгги йилларда Сирдарё аграр ҳудуддан саноатлашган, инвестиция ва экспорт салоҳияти тобора ортиб бораётган вилоятга айланмоқда.
Сўнгги 10 йилда вилоятда 8 миллиард долларлик инвестиция ўзлаштирилган бўлиб, шундан 2,5 миллиард доллардан ортиғи хорижий инвестициялар ҳиссасига тўғри келади. Жорий йилда эса хорижий инвестицияларни ўзлаштириш ҳажмини ўтган йилга нисбатан 2,2 баробар ошириб, 2 миллиард долларга етказиш мақсад қилинган.
Бу маблағлар металлургия, энергетика, қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик, кимё саноати, машинасозлик, қурилиш материаллари, ахборот технологиялари, электротехника ҳамда ноёб металларни қазиб олиш ва қайта ишлаш каби муҳим тармоқларда янги ишлаб чиқариш қувватларини шакллантиришга хизмат қилмоқда.
Айни жараён мамлакатда тадбиркорлик ва инвестиция муҳитини яхшилашга қаратилган ислоҳотлар билан уйғун кечмоқда.
2025 йил якунларига кўра, Ўзбекистон иқтисодиётига жалб қилинган хорижий инвестициялар ҳажми 43,1 миллиард долларга, ялпи ички маҳсулот ҳажми 145 миллиард доллардан, экспорт ҳажми эса 33,4 миллиард доллардан ошди. 2026 йилда иқтисодий ўсиш суръатларини юқори даражада сақлаб қолиш, ялпи ички маҳсулотни 180 миллиард доллардан, экспортни эса 40 миллиард доллардан ошириш мақсад қилинган.
Келгуси беш йилда мамлакат иқтисодиёти ҳажмини 240 миллиард доллардан ошириш бўйича белгиланган улкан мақсадлар ҳам ҳудудларда инвестициявий фаолликни янада кучайтиришни тақозо этмоқда.
Тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга қаратилган чоралар эса бу жараён учун янада қулай муҳит яратмоқда. Хусусан, 120 турдаги ҳужжатни талаб қилиш бекор қилиниб, жараёнлар рақамлаштирилмоқда. Кичик бизнес фаолиятида инсон саломатлиги ва бошқа тадбиркорлар манфаатларига зарар етказиш билан боғлиқ бўлмаган ҳолатлар бўйича текширувларга уч йил муддатга мораторий жорий этилмоқда.
Қўшилган қиймат солиғига ўтиш чегарасининг 1 миллиард сўмдан 5 миллиард сўмга оширилиши қарийб 600 мингта кичик бизнес субъекти учун қўшимча енгиллик яратмоқда. Бизнесни энди бошлаётганлар учун 5 миллиард сўмгача бўлган кредитларни онлайн расмийлаштириш имконияти ҳам тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлашга хизмат қилмоқда.
Ташқи савдо имкониятларининг кенгайиб бораётгани ҳам инвесторлар учун муҳим омил. Иордания билан 150 турдаги, Покистон билан 88 турдаги, Эрон ва Афғонистон билан 34 турдаги маҳсулот бўйича имтиёзли савдо битимларининг тузилгани, Туркманистон билан ишлаб чиқарилган товарларга нисбатан ўзаро божсиз савдо режими йўлга қўйилгани янги бозорларга чиқиш имкониятларини кенгайтирмоқда.
Сирдарёдаги саноат зоналарида ҳам инвестициявий фаоллик сезиларли даражада ошмоқда. Хусусан, ўтган йилда саноат зоналарига умумий қиймати 1,5 миллиард доллар бўлган 30 та лойиҳа жойлаштирилди. Уларни амалга ошириш учун ажратилган майдонлар қарийб 420 гектарни ташкил этади.
Буларнинг барчаси бир ҳақиқатни кўрсатмоқда: Сирдарёда инвестиция учун имкониятлар бор, инфратузилма шаклланмоқда, янги лойиҳалар учун майдон ва бозор мавжуд. Энг муҳими, ҳамкорлик қилишга тайёр муҳит яратилмоқда.
Шу маънода, «Сирдарёда бизнес қилинг!» халқаро инвестиция форуми нафақат янги инвестицияларни жалб этиш, балки хорижий ва маҳаллий бизнес вакиллари ўртасида ишончли ҳамкорлик муҳитини шакллантириш, янги мулоқотлар ва истиқболли лойиҳалар учун мустаҳкам пойдевор яратишга хизмат қилмоқда. Форум доирасида билдирилган ташаббуслар, ўтказилган учрашувлар ва эришилган келишувлар Сирдарёнинг инвестициявий салоҳияти тобора юксалиб бораётганидан далолат беради.
Энг муҳими, бугун вилоятда инвесторлар учун нафақат иқтисодий имкониятлар, балки ишончли ҳамкорлик муҳити ҳам яратилмоқда. Бу эса Сирдарёнинг янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун жозибадор ҳудуд сифатидаги мавқеини янада мустаҳкамламоқда.
Вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов форумда таъкидлаганидек:
— Ишончим комилки, ушбу форум бевосита бизнес алоқалари жиҳатидан самарали бўлади. Энг муҳими — фаолиятингизни ҳимоя қиладиган қонунлар бор, мулоқотга очиқ давлат ва ҳамкорликка тайёр халқимиз бор. Келинг, бугунги форум орқали нафақат лойиҳалар, балки дўстлик кўприкларини янада мустаҳкамлайлик. Шунинг учун ҳар бир имкониятнинг ўз вақти бўлади. Сирдарё имконияти эса ҳозир. Бугун бизнес қилинг, чунки эртага кеч бўлиши мумкин.
Ғулом Примов,
Умид Обиджонов (сурат) ЎзА