Сифат ва самарадорлик ошмоқда
Навоий шаҳрида фаолият юритаётган “Навоий голд текстиль” корхонасида нафақат трикотаж маҳсулотлари, балки махсус оёқ кийимлар ҳам ишлаб чиқарилмоқда.
Навоий шаҳрида фаолият юритаётган “Навоий голд текстиль” корхонасида нафақат трикотаж маҳсулотлари, балки махсус оёқ кийимлар ҳам ишлаб чиқарилмоқда. Айни пайтда қарийб 90 киши меҳнат қилаётган корхонада келгусида 300 та иш ўрни яратиш белгиланган.
Вилоят инвестиция дастури асосида 700 минг АҚШ долларлик маблағ йўналтирилган ушбу ишлаб чиқариш лойиҳасига замонавий технологиялар татбиқ этилди. Ташаббускор тадбиркор томонидан жаҳоннинг энг илғор тикув, тўқув ва қадоқлаш ускуналари олиб келиниб, қисқа муддатларда ўрнатилди. Тикувчилик сир-асрорларини ўрганган ёшлар корхонага ишга қабул қилиниб, улар учун барча шароитлар яратилмоқда. Жумладан, ишчиларнинг келиб-кетиши учун махсус автобус ташкил этилган бўлиб, 3 маҳал иссиқ овқат билан таъминланган.
– Хитой Халқ Республикаси ва Жанубий Кореядан замонавий дастгоҳларни харид қилиб корхонани ишга туширдик, – дейди “Навоий голд текстиль” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Анвар Рўзиев. – Ҳозирда бу ерда ойига 25 минг тонна сочиқ ва 3 минг жуфт оёқ кийимлар тайёрланмоқда. Маҳсулотларимиз экспортга ҳам йўналтирилмоқда. Масалан, момиқ сочиқ маҳсулотларимиз Россия бозорига етказиб берилаётган бўлса, махсус оёқ кийимлар Қозоғистонга экспорт қилинмоқда.
Аҳамиятлиси, корхона ишчиларининг аксарияти Навоий шаҳар аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази томонидан ташкил этилган касб-ҳунарга қайта ўқитиш марказларида тикувчилик сир-асрорларини ўрганиб келган ёшлардир. Улар таҳсил давомида корхонанинг ўзида амалиёт ўташди ва махсус сертификат орқали ишга жойлашди.
– Мен уч ойлик ўқув курсини тамомлаб шу корхонага ишга қабул қилинганимдан мамнунман, – дейди Азиза Амруллаева. – Ҳозирда тикувчилар бўлим бошлиғи вазифасида ишлаяпман. Корхонада “Устоз-шогирд” тамойилига қатъий амал қилиниб, ҳар бир чевар қизлар тажрибали устозларга бириктирилиб, маҳоратини оширмоқда.
Корхонада ишлаб чиқарилаётган пойафзал маҳсулотлари ўзининг чидамлилиги ва ўзига хос дизайни билан ажралиб туради. Шу боис, уларга бўлган талаб кун сайин ортиб бормоқда. Вилоятдаги йирик саноат корхоналари Навоий кон-металлургия комбинати, “Навоийазот” ва “Қизилқумцемент” акциядорлик жамиятлари билан яқин ҳамкорлик йўлга қўйилган. Эндиликда корхонада Италия технологияси асосида аёллар оёқ кийимлари ишлаб чиқариш режалаштирилмоқда. Шунингдек, матоларни бўяш цехини ҳам ишга тушириш мўлжалланган.