Шуҳрат Расул: Дунё мураккаб синовлар қаршисида (+видео)
Жорий ҳафтада халқаро майдонда АҚШ – Эрон муносабатлари, Буюк Британиядаги сиёсий ўзгаришлар ҳамда Европада кузатилаётган кескин иссиқлик тўлқини энг долзарб мавзулардан бири бўлиб турибди. Бу жараёнлар нафақат минтақавий, балки глобал сиёсат ва иқтисодиётга ҳам таъсир кўрсатмоқда.
ЎзАнинг “Халқаро шарҳ” дастурида сиёсатшунос Шуҳрат Расул мазкур воқеаларнинг аҳамияти ва эҳтимолий оқибатлари хусусида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Экспертнинг таъкидлашича, АҚШ ва Эрон ўртасида бошланган музокаралар ҳозирча мураккаб ва зиддиятли кечмоқда. Томонлар айрим масалаларда турлича позицияларни илгари сураётган бўлса-да, музокаралар жараёнининг давом этаётгани ўзига хос ижобий “сигнал” ҳисобланади.
– Бугунги кунда музокаралар динамикаси бир маромда эмас. Бир томондан ижобий баёнотлар янграса, иккинчи томондан айрим келишмовчиликлар ҳам кузатилмоқда. Шунга қарамасдан, томонлар музокаралар столи атрофида қолмоқда. Бу эса дипломатиянинг муҳим ютуғи ҳисобланади, -деди Шуҳрат Расул.
Сиёсатшуноснинг фикрича, асосий баҳсли нуқталар Яқин Шарқдаги хавфсизлик масалалари, хусусан, Исроил ва “Ҳизбуллоҳ” ўртасидаги зиддиятлар ҳамда Эрон ядро дастурига оид келишув бандларининг турлича талқин қилиниши билан боғлиқ.
Суҳбат давомида таҳлилчи Буюк Британия бош вазири Кир Стармернинг истеъфоси мавзусига ҳам тўхталиб ўтди. Экспертнинг қайд этишича, ҳукумат раҳбарининг алмашиши мамлакат ташқи сиёсатининг асосий йўналишларига жиддий таъсир кўрсатмаслиги мумкин.
– Бирлашган Қиролликнинг “Лейбористлар” партияси ичида Украина масаласи, Россияга қарши санкциялар ва НАТО доирасидаги ҳамкорлик бўйича муайян консенсус шаклланган. Шу сабабли янги раҳбар ҳам ушбу сиёсий курсни давом эттириши эҳтимоли юқори, -деди сиёсатшунос.
Шунингдек, кўрсатувда Европада кузатилаётган кучли иссиқлик тўлқини ва унинг глобал озиқ-овқат хавфсизлигига таъсири ҳақида ҳам фикр билдирилди. Шуҳрат Расулнинг айтишича, иқлим ўзгариши инсоният учун жиддий чақириқ бўлиб қолмоқда. Бироқ янги технологиялар, сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ва қишлоқ хўжалигидаги инновациялар ушбу хавфларни юмшатиш имконини бермоқда.
– Сувни чучуклаштириш ва ресурсларни тежайдиган технологияларнинг ривожланиши инсониятга янги имкониятлар яратмоқда. Шу боис, келажакда озиқ-овқат инқирози ҳақидаги энг пессимистик прогнозлар амалга ошмаслиги мумкин, – деди у.
Кўрсатувнинг тўлиқ шаклини ЎзАнинг “YouTube” каналида кўришингиз мумкин.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/a07ICvUg3sM?si=JC300H4eX-pBY-KT" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Ўткир Алимов,
Дониёр Ёқубов (тасвирчи),
Анвархўжа Аҳмедов (видеомуҳандис),
ЎзА