Шоир, таржимон, публицист
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, шоир, таржимон Тоҳир Қаҳҳор таваллудининг 70 йиллигига бағишланган ижодий кеча бўлиб ўтди.
Ижодий кечада Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, халқ шоири Сирожиддин Саййид ва бошқалар Тоҳир Қаҳҳор наинки шоир, балки моҳир публицист ва таржимон сифатида самарали ижод қилаётганини таъкидлади. Унинг миллий меросимиз, тарихимиз, маданиятимиз ҳақидаги мақолалари жамоатчилик эътиборини қозонган.
Тоҳир Қаҳҳор 1953 йили Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманида туғилган. Тошкент давлат университетида - ҳозирги Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг Журналистика факультетида таҳсил олган. Дастлаб республика радиосининг адабий-драматик бўлимида муҳаррир, 1979-1986 йилларда "Шарқ юлдузи" журналида адабий ходим, Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриётида бош муҳаррир ўринбосари бўлиб ишлади.
Шоирнинг дастлабки китоби 1980 йилда "Оқ ўрик" номи билан чоп этилган. Шундан сўнг унинг "Оқаётган дарё", "Осмон кимники?", "Эшик тақиллаётир", "Кун кўзи", "Юлдузлар менинг боғим", "Тоғнинг парвози", "Оташгиёҳ" каби ўнга яқин тўпламлари кетма-кет чоп этилди. Бу тўпламларга кирган шеърлар ажиб оҳанрабоси билан ажралиб туради. Шеърларнинг содда ва равон тили, юксак бадиий савияси, ижодкорнинг ўзига хос журъати ўқувчи эътиборини ўзига жалб этиши билан аҳамиятлидир.
Тоҳир Қаҳҳор таржимон сифатида турк шоири Зиё Кўкалпнинг "Ергенекўн" достони ва қатор шеърларини, форс адабиёти намояндалари Ҳофиз Шерозий ва Абдураҳмон Жомий ғазалларини, колумбиялик машҳур адиб Г.Маркеснинг "Ошкора қотиллик қиссаси"ни, араб адабиётининг классиклари Абу Таммом, Ал-Маарий ва бошқа кўплаб жаҳон адабиёти намояндаларининг асарларини маҳорат билан ўзбек тилига ўгирган.
Шоир 1994 йилда "Ҳур Туркистон учун" номли мақолалар тўпламини эълон қилди. 1995 йилда Анқарада "Бугунги ўзбек шоирлари" номли китоби нашр этилди. Шунингдек, у икки жилдлик "Турк дунёси адабиёти тарихи"нинг майдонга келишида таржимон сифатида иштирок этди. Йигирма тўрт жилдлик "Турк дунёси адабиёти антологияси"нинг ўзбек адабиётига оид қисмини нашрга тайёрлади. Шунингдек, турк олими Исмоил Аканинг "Амир Темур даври тарихи" китобини ўзбек тилига таржима қилди.
[gallery-11836]
Тадбирда шоирнинг ижоди, инсоний фазилатлари хусусида батафсил сўз юритилди.
Н.Усмонова,
Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА