ШҲТга 25 йил: тангри тоғларидаги янги тонг
Жорий йилда Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти (ШҲТ) ташкил этилганининг 25 йиллиги нишонланмоқда. Шу муносабат билан, ташкилотга бу йил раислик қилаётган Қирғизистонда турли даражадаги халқаро тадбирлар ўтказилмоқда. Уларда ШҲТга аъзо ва кузатувчи давлатлар оммавий ахборот воситалари вакиллари, вазирлар, сиёсатчилар ҳамда ишбилармон доиралар иштирок этиб, ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилмоқда. Жумладан, июль ойи охирида Иссиқкўл вилоятининг Чўлпонота шаҳрида ташкилотга аъзо давлатлар олий таълим муассасалари ректорларининг учрашуви бўлиб ўтади.
Шу анжуман арафасида ЎзА мухбири Муҳаммаджон Обидов Фарғона давлат университети ректори, профессор Баҳодир Шермуҳаммадов билан учрашиб, мавзу юзасидан суҳбатлашди.
– Иссиқкўл ректорлар форумидан шахсан сиз нималар кутяпсиз?
– Аввало, бу борада ШҲТ миссияси ҳақида айтиш лозим. Бундан 25 йил аввал эндигина мустақил бўлган давлатлар, масалан, Ўзбекистон ва Қирғизистон, ҳар бир қадамни эҳтиёткорлик билан босган. Чунки ҳали давлатлараро муносабатларда ўзаро ишонч мустаҳкам эмас эди. Аслида, бунга табиий ҳол деб қараш лозим. Чунки собиқ иттифоқ ҳудудидаги давлатларда мустаҳкам равишда халқаро муносабатларни йўлга қўйиш тажрибаси заиф бўлган. Шундай пайтларда сайёранинг буюк давлатларидан бири – Хитой ташаббус қўлини чўзди ва ўзаро тенглик сиёсатини таклиф қилди. ШҲТ ана шундай пайдо бўлганди.
Орадан ўтган йилларда иқтисодий ҳамкорликка асосий урғу берилди. Бугунга келиб, Хитой ҳам, ШҲТга аъзо давлатлар ҳам Ўзбекистоннинг энг катта инвестори, экспортёри ва савдо ҳамкорига айланди. Аммо ШҲТ фаолияти иқтисод билан чегараланмади. Ижтимоий йўналишлар ҳам ривожланган.
Биргина олий таълим мисолида қаралса, масалан, Фарғона давлат университетининг ўзи ШҲТ доирасида 27 та университетлар билан тўғридан-тўғри илмий тадбирлар олиб бориш, талабалар алмашиш, ҳамкорликда халқаро конференциялар, форумлар ташкил этиш юзасидан шартлашган.
2026 йилнинг июль ойида бўлиб ўтадиган Иссиқкўл ректорлари ШҲТ форумида эса босиб ўтилган 25 йил сарҳисоб қилинади, келгуси фаолият ва ҳамкорлик стратегияси муҳокамага қўйилади ҳамда 2030 йилгача бўлган режалар тузилади.
Ана шундай нуфузли форумда иштирок этиш, Фарғона давлат университети номидан таклифлар киритиш, мулоҳазалар билдириш биз учун шараф, деб ўйлайман.
– Қирғизистон бугун иқтисоди тез ривожланаётган давлатлар қаторига қўшилди. Ҳолбуки, беш йил муқаддам ҳам мамлакатда вазият бутунлай ўзгача эди. Мана энди у нуфузли халқаро анжуманлар ташкилотчиси сифатида майдонга чиқяпти. Хўш, нима бўлди ўзи Қирғизистонда?
– Олам яралибдики, инсоният ўзига ҳамнафас, дилдош ва сирдош қидиради. Табиатнинг азалий ва ўзгармас қонуниятига бўйсуниб, тоғ тоққа суянади, дарё дарёга туташиб оқади. Шундай палла бўладики, икки халқнинг тақдири, ўтмиши ва келажаги шунчалик қоришиб кетадики, уларни бир-биридан айро тасаввур қилиб бўлмайди. Худди ўзбек ва қирғиз халқлари каби.
Биз бир осмон остида нафас оладиган, Тангритоғнинг (Тянь-Шань) шаффоф музликларидан эриб тушган битта дарёдан сув ичадиган, тўйини ҳам, азасини ҳам бирга баҳам кўрадиган, бир эт билан бир тан бўлиб кетган – бир халқмиз. Қуёш нурларида ял-ял ёнган ўша оппоқ қорли чўққилар нафақат табиатнинг бетакрор мўъжизаси, балки асрлар оша қон-қардош халқларнинг метиндек мустаҳкам дўстлигига гувоҳ бўлиб келаётган юксаклик тимсолидир.
Қирғизистон халқи узоқ, бой ва ўктам тарихга эга. Бироқ мустақилликнинг дастлабки йиллари осон кечмади. Давлат ва жамият ўз йўлини топиш жараёнида кўплаб сиёсий эврилишлар, ижтимоий тўфонлар ва довулларни бошдан кечирди. Ғарбдан андоза олиб кўчириб келинган, аммо миллий заминга, халқнинг асрий менталитетига мутлақо мос тушмаган парламентаризм модели ўзини оқлай олмади.
Ушбу модель мамлакатда доимий сиёсий беқарорликни, ҳукуматларнинг тез-тез алмашишини келтириб чиқарди. Оқибатда, изчил стратегик режалаштириш ва узоқ муддатли иқтисодий дастурларни амалга ошириш имкони бой берилди. 2020 йилга келиб эса вазият энг чўққисига чиқди. Ички тарқоқлик ва давомли сиёсий инқирозлар туфайли Қирғизистон давлат сифатида парокандалик ҳамда чуқур иқтисодий таназзул ёқасига келиб қолди.
Айнан мана шундай таҳликали ва миллат тақдири қил устида турган паллада майдонга келган янги раҳбарият ва Президент Садир Жапаров мамлакат ҳаётида туб бурилиш ясай олди.
Яқинда чоп этилган «Президент Садир Жапаров – янги Қирғизистон бунёдкори» номли китобда ҳам айни шу ҳақиқат чуқур таҳлил қилинади: унинг энг асосий хизмати – мамлакатни сиёсий анархиядан (бошбошдоқликдан) қутқариб, миллий бирдамлик ва тараққиётнинг мутлақо янги моделини таклиф эта олганлигидир.
Давлат бошқарувида халқ интизор бўлиб кутган «бақувват ва қатъий қўл» тамойилини жорий этиш ҳаётий заруриятга айланган эди. Садир Жапаров ҳокимиятга келгач, биринчи навбатда дадил конституциявий ислоҳотларни амалга оширди. Парламент (Жогорку Кенгеш) ваколатлари мақбуллаштирилиб, ижро этувчи ҳокимият масъулияти ва кучи кескин оширилди, бутун тизимда қатъий тартиб-интизом ўрнатилди. Бу ислоҳот мамлакатда узоқ кутилган сиёсий барқарорлик, тинчлик ва осойишталикни қайтарди.
– Қирғизистонга хос энг қулай имконият нима, деб ўйлайсиз?
– Сиёсий майдондаги осойишталик занжир реакцияси каби иқтисодий юксалишга йўл очди. Аввалги йиллардаги тартибсизликлар сабабли инвесторлар чўчиб турган, мамлакатнинг ички ресурслари ва бойликлари тўғри тақсимланмаган эди. Бугунги кунда эса Қирғизистонда йирик инфратузилма лойиҳалари, энергетика ва тоғ-кон саноатида жиддий, шаффоф ислоҳотлар олиб борилмоқда.
Энг муҳими, давлат ўз бойликларини бевосита халқ манфаати учун хизмат қилдириш, ижтимоий адолатни таъминлаш йўлига ўтди. Стратегик режалаштириш тизимли йўлга қўйилгани туфайли бугун қўшнимизнинг иқтисодиёти барқарор суръатларда ўсмоқда. Қирғизистон тез фурсатда Марказий Осиёдаги муҳим транзит ва логистика марказларидан бирига айланиб бормоқда.
– Қирғизистонни оламга танитган яна бир шахс бор. У ким?
– Қирғизистон деганда, ҳар бир ўзбек ва бутун дунё китобхонининг кўз олдига, шубҳасиз, дунёни асарлари билан тебратган буюк адиб Чингиз Айтматов келади. Қирғизистонни Айтматовсиз, Айтматовни эса Қирғизистонсиз тасаввур этиб бўлмайди. Унинг асарлари қирғиз халқининг миллий ўзлигини, дарди, қувончи ва юксак ғурурини жаҳонга кўрсатган энг ёрқин кўзгудир.
Адибнинг «Оқ кема» қиссасини эслайлик. Асар бошланиши:
«Унинг икки эртаги бўларди. Бири ўзиники бўлиб, уни ҳеч ким билмасди. Иккинчисини эса, бобоси сўзлаб берганди. Кейин бирортаси ҳам қолмади. Гап шу хусусда.» деган кириш қисми билан бошланади.
«Жамила» қиссасини эслайлик. Машҳур француз ёзувчиси Луи Арагон уни бежиз «дунёдаги энг гўзал севги қиссаси» деб атамаган эди. Жамила ва Дониёрнинг покиза муҳаббати фони ортида қирғиз овулининг тоза ҳавоси, кенг яйловлар, асрий миллий анъаналар ва энг муҳими, инсоний эркинликка бўлган буюк талпиниш ётади.
Ёки «Сомончининг йўли», «Оқ кема», «Асрга татигулик кун» асарлари... Бу бадиий дурдоналар шунчаки қирғиз адабиёти эмас, балки бутун инсониятнинг умумий маънавий хазинасидир. Ўзбек китобхони Айтматов қаҳрамонларини худди ўзининг қишлоқдошидек, яқин дилдошидек қабул қилади – улар билан бирга йиғлайди, бирга изтироб чекади ва бирга қувонади.
– Сиз учун қадрли достон?
– Ўзбек ва қирғиз халқларининг маданий илдизлари бир-бирига шунчалик боғланиб, қоришиб кетганки, уларни асло ажратиб бўлмайди. Достонларимизнинг пойдевори битта: иккала халқ ҳам улкан ва улуғвор «Манас»ни, мардлик тимсоли бўлган «Алпомиш»ни ўзиники деб билади. Куйларимиздаги оҳангдошлик, урф-одатларимиздаги эгизаклик қонимизда оқаётган қардошликдан далолат беради.
Сўнгги йилларда бу маданий алоқалар мутлақо янги, юксак босқичга чиқди. Ўзбекистонда Қирғизистон маданияти кунлари, Қирғизистонда эса Ўзбекистон маданияти кунлари тантанали ва кўтаринки руҳда мунтазам ўтказиб келинмоқда. Икки мамлакат театр жамоалари, ижодкор зиёлилари, санъаткорлари ва ёзувчилари ўртасидаги самимий борди-келдилар халқларимизни янада жипслаштирмоқда. Бу шунчаки расмий учрашувлар эмас, балки қалб ришталарининг амалдаги яққол намоёнидир.
– Ўзбекистон – Қирғизистоннинг бугунги муносабатларига таъриф беринг.
Бугун Ўзбекистон ва Қирғизистон муносабатлари ўзининг ҳақиқий «олтин даври»ни яшамоқда, десак заррача муболаға бўлмайди. Икки давлат раҳбарларининг қатъий сиёсий иродаси, ўзаро юксак ишончи ва дўстона ришталари туфайли кўп йиллар давомида тугун бўлиб келаётган энг мураккаб муаммолар, хусусан, чегара масалалари батамом ва ижобий ҳал этилди. Бу нафақат икки мамлакат, балки бутун Марказий Осиё ҳудудида тинчлик, барқарорлик ва хавфсизликни таъминлашда ташланган тарихий ва жасоратли қадам бўлди.
Бугунги кунда икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми мисли кўрилмаган даражада ўсди, йирик қўшма корхоналар ишга туширилмоқда. Асрий орзу бўлган «Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон» темир йўли қурилиши каби глобал лойиҳалар нафақат икки қўшни давлатни, балки бутун минтақани дунёнинг энг йирик савдо ва иқтисодий йўлларига боғламоқда. Ўзбекистон ва Қирғизистон бугун халқаро майдонда ҳам бир-бирини елкама-елка қўллаб-қувватловчи, энг ишончли стратегик ҳамкорлардир.
Халқимизда: «Қўшнинг тинч — сен тинч», деган жуда доно нақл бор. Бугун қардош Қирғизистоннинг ўзига хос тараққиёт йўлини топиб, иқтисодий барқарорлик ва миллий бирдамлик сари дадил одимлаётгани яқин қўшни ва қон-қардош сифатида бизнинг ҳам қалбимизни чексиз ғурур ва қувончга тўлдиради. Зеро, бир эт ва бир тан бўлган бу буюк халқларнинг бугуни ҳам, порлоқ келажаги ҳам муштаракдир. Тангритоғ чўққиларидан эсаётган қутлуғ дўстлик эпкини уйларимизга фақат тинчлик, қут-барака ва фаровонлик олиб келаверади.
ЎзА мухбири Муҳаммаджон Обидов суҳбатлашди