Шерзод Шерматов: Ўзбекистон – Хитой ҳамкорлиги рақамли тараққиётнинг янги имкониятларини очмоқда
Маълумки, жорий йилнинг 17–18 октябрь кунлари Хитой Халқ Республикаси Давлат кенгаши Бош вазири Ли Цян расмий ташриф билан Ўзбекистонда бўлди.
Ташриф доирасида олий ва юқори даражадаги музокаралар ўтказилиб, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган қатор ҳужжатлар имзоланди.
ЎзА мухбири Ўзбекистон Республикаси рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов билан Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги рақамли технологиялар, сунъий интеллект ва инновациялар соҳасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболдаги устувор йўналишлари хусусида қисқа суҳбат уюштирди.
– Ўзбекистон ва ХХР ўртасидаги рақамли технологиялар, сунъий интеллект ва инновациялар соҳасидаги ҳамкорлик бугун қандай натижалар бермоқда?
– Давлатимиз раҳбари бошчилигида Хитой билан ҳамкорлик бўйича жуда катта ишлар бошланган. Бунинг натижасида ҳамма соҳаларда имкониятлар ортиб бормоқда. Хусусан, рақамли технологиялар соҳасини оладиган бўлсак, биринчи навбатда, одамларга арзон ва қулай, тез ишлайдиган инфратузилма керак.
ХХР технологиялари айнан арзонлиги ва қулайлиги, интернет тезлиги нуқтаи назаридан, шунингдек, қулай инфратузилма яратишда ёрдам беради ва ҳозир аксарият операторлар айнан бизда шуни ишлатишади.
Шу билан бирга, маълумот марказлари нуқтаи назаридан, технологияни кенгайтириш ҳам муҳим, чунки одамларга қулай хизмат кўрсатишни ўйлашимиз керак. Хитой компаниялари инновациялари нафақат арзон, балки сифатли ва жорий қилиш осон. Маълумот марказларимизда ҳам ҳозир кейинги босқични кенгайтириш масаласида Хитой компаниялари билан ишлаяпмиз.
Компаниялар билан ишлаганда фақат бир йўналишни ўзлаштириш эмас, кенг қамровли, биринчи навбатда, таълимга эътиборни кучайтириш масаласига эътибор қаратилади. Жаҳондаги йирик компаниялардан бири – “Huawei” мисолида оладиган бўлсак, “Huawei IT Academy” ва “Seeds for the Future” лойиҳаси бор. Яъни, ўзбек мутахассисларига янги технологияни ўргатиш бўйича йирик дастурларни бирга амалга оширамиз.
Шу билан бирга, ҳамкор томон курсларини юртимиздаги олий таълим курсларида жорий қиляпмиз. Масалан, сунъий интеллект йўналишини оладиган бўлсак, ушбу соҳада дунёда икки давлат олдинда кетяпти – Америка Қўшма Штатлари ва Хитой. ХХРнинг устувор томони – соҳани жорий этиш даражаси бўйича ҳозир дунёга ўрнак бўладиган даражада.
Шунингдек, таълим тизимида Хитой тажрибасини жорий этиш, яъни ёшларимизни ёшликдан СИга ўргатиш бўйича иш олиб бориляпти. Масалан, Хитой китобларини олиб, мактаблардаги информатика ўқитувчилари учун ўзимизга мослаштириб таржима қилганмиз. Яъни, ёшларимиз қўлида энг илғор материаллар бўлсин. Бу ҳам, табиийки, ҳамкорлик натижаси.
Энди кейинги босқичда халқаро тажрибани ўзимиздаги олий таълим муассасаларига қўлламоқчимиз. Бизнинг университетларда ҳам энг юқори даражадаги СИ бўйича китоблардан бемалол ўрганиш имкони пайдо бўлади.
Кейинги йўналишдаги ҳамкорлик – янги юқори технологиялар. Хабарингиз бор, хитойлик ҳамкорлар билан “Самарқанд-2028” номли алоҳида сунъий йўлдош коинотга учирилди. Айни йўналишда ҳам мутахассислар биргаликда ишлаб, сунъий интеллектга асосланган гиперспектрал анализ қиладиган модулни қўйишди. Биринчи ўзбек космонавтини тайёрлаш масаласида ҳам хитойликлар тажрибасидан унумли фойдаланиш мумкин.
IT Park резидентлари масаласига тўхталадиган бўлсак, охирги йилларда жуда кўп Хитой капитали иштирокидаги компаниялар бизда резидентлик очяпти. Компанияларимиз Хитой бозорига экспортни йўлга қўя бошлади. Бу янги йўналиш туфайли ёшларимизга қўшимча иш ўринлари яратилмоқда.
Хитой компанияларига Ўзбекистонни минтақавий қароргоҳ сифатида кўришни тавсия қиляпмиз. Масалан, “Huawei” минтақавий қароргоҳи учун айнан Тошкент шаҳрини танлаган ва пойтахтимиздан туриб бутун МДҲ давлатлари ҳамда Монголияга хизмат кўрсатмоқда. Ушбу компания ўтган йил 12 миллион долларга яқин хизмат экспортини амалга оширди.
Президентимиз дунёнинг ҳар қандай йирик давлати билан ҳамкорликда биринчи навбатда иқтисодиётимиз ўсишига қўшиладиган ҳиссага, ёшларимиз учун юқори даромадли иш ўринлари яратилиши нуқтаи назаридан қарайди. Албатта, бу йўналишда Хитой билан ҳамкорлик соҳа ривожига, юқори даромадли иш ўринлари яратилишга хизмат қилади.
– Хитой Халқ Республикаси Давлат кенгаши Бош вазирининг ўлкамизга ташрифи икки мамлакат ўртасидаги стратегик шериклик муносабатида қандай янги имкониятлар очади, деб ўйлайсиз?
– ХХР Бош вазири Ли Цяннинг диёримизга ташрифи – тарихий воқеа. Маълумки, ҳозир дунёда, баъзи минтақаларда беқарор муҳит ҳукмрон. Шунга қарамай, Хитой Бош вазири ёки АҚШ Давлат котибининг ташрифлари Ўзбекистоннинг жаҳон харитасидаги ўрни мустаҳкамланиб бораётганидан далолат.
Хитой билан нафақат савдо-иқтисодий, балки илмий-техник йўналишда ҳам кенг ҳамкорлик йўлга қўйилмоқда. Илмий-техник ҳамкорлик деганда олий таълимдаги ўқитиш тизими, яъни, R&D (тадқиқот ва ишланма), қўшма ишлаб чиқариш тушунилади.
Чинликларнинг тажрибаси жуда кучли: қайси соҳада илмий-тадқиқот олиб борилса, ўша соҳада дунё етакчисига айланиб боряпти. Масалан, қуёш батареялари, шамол энергетикаси, электромобиллар, жумладан, телекоммуникация соҳасида ҳам жуда илгарилаб кетишган. Демак, айни тажриба биз учун жуда муҳим.
Бу тажрибани ўзлаштириш учун албатта юқори даражали сиёсий муносабат зарур. Агар ўзаро ишонч бўлмаса, бундай даражада, илм-фаннинг энг юқори чўққисига чиққан йўналишларда ҳамкорлик ўрнатиш қийин. Фикримча, ушбу ташриф бу йўлда янги-янги қирраларни очиб беради.
Ўткир АЛИМОВ суҳбатлашди.
ЎзА