Шеърият оламининг улуғ даҳоси
Жаҳон тарихида ўчмас из қолдирган бетакрор сиймолардан бири Заҳириддин Муҳаммад Бобур буюк шоир, қомусий олим, давлат арбоби ва моҳир саркарда сифатида ном қозонган. Унинг беқиёс илмий-ижодий мероси нафақат миллий маданиятимиз ва маънавиятимизнинг янада шаклланишида, балки жаҳон адабиёти, илм-фани ва давлатчилиги тарихида алоҳида ўринга эга.
Кейинги йилларда Бобурнинг ҳаёти ва фаолиятини ҳар томонлама чуқур ўрганиш, унинг асарларини юртимиз ҳамда хорижий давлатларда тарғиб қилиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Хусусан, шоир туғилган кун - 14 февраль санаси ҳар йили мамлакатимиз бўйлаб адабиёт ва илм-маърифат байрами сифатида кенг нишонланмоқда.


Жорий йилнинг 25 январида Президентимизнинг “Буюк шоир ва олим, машҳур давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 540 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарорининг қабул қилиниши эса юртимизда бу улуғ зотга кўрсатилаётган ҳурмат ва эҳтиромнинг яна бир кўринишидир.
Мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Навоий вилоят бўлими ва Абдулла Қодирий номидаги Ахборот кутубхона маркази ҳамкорлигида “Шеърият оламининг улуғ даҳоси” мавзусида маънавий-маърифий кеча ташкил этилди.


Унда сўзга чиққанлар Бобур қолдирган бой маънавий меросни асраб авайлаш ва уларни қунт билан ўқиб-ўрганиш, ёшлар ўртасида кенг тарғиб қилиш ҳар қачонгиданда муҳим эканлигини алоҳида таъкидлади.
Тадбирда ўқувчилар томонидан Бобурнинг ғазал ва рубоийлари ижро этилиб, асарлари асосида тайёрланган бадиий чиқишлар намойиш этилди.

А.Бўриев, ЎзА