Шахсий манфаат жиноятга етаклади
Ер – давлатнинг стратегик ресурсларидан бири. Уни қонун доирасида, очиқ ва шаффоф тарзда тасарруф этиш эса барча учун бирдек талабдир. Бироқ айрим шахсларнинг шахсий манфаат орттириш илинжида хизмат мавқеи ва таниш-билишларидан фойдаланишга уриниши коррупция ҳолатларни келтириб чиқармоқда.
ДХХ Тошкент вилояти бўйича бошқармаси Тошкент шаҳар ИИББ билан ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбир давомида ана шундай ҳолатга чек қўйилди.
Маълум бўлишича, Бўка туманидаги 139 гектар ер майдонини 3 та лотга ажратиб, аукцион платформасига киритиш, кейин эса туман ҳокимлигидаги мансабдор танишлари орқали мазкур лотларни ютиб олиш ва фуқаро номига расмийлаштириб беришга кўмаклашиш эвазига 6 минг АҚШ доллари талаб қилинган.
Тезкор тадбирда ушбу маблағнинг 3 минг АҚШ долларини олган Бўка туманида яшовчи 1969 йилда туғилган фуқаро Т.Х. ашёвий далиллар билан ушланган. Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ томонидан қонунбузарга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилди ва қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.

Таъкидлаш лозимки, давлат мулки ва ер ресурсларидан шахсий манфаат йўлида фойдаланишга, таниш-билишчилик ва ноқонуний келишувларга уриниш қонун олдида жавобгарликка сабаб бўлади.
А.Мусаев, ЎзА