Шахмат: Жавоҳир Синдоров бугун АҚШда Аниш Гири билан куч синашади
Бугун, 13 август куни АҚШнинг Сент-Луис шаҳрида ўтаётган “Sinquefield Cup 2026” турнирининг 4-турида Жавоҳир Синдоров қора доналарда азалий рақибларидан бири нидерландиялик Аниш Гирига қарши дона суради.
Кеча ўтказилган 3-тур баҳсида Жавоҳир оқ доналарда франциялик Максим Вашье-Лаграв қаршилигини енгишга ҳаракат қилди.
Бироқ Синдоровнинг 20-юриш ҳолати қайсидир маънода Франция вакилини ҳужумкор позицияга олиб чиқди. Бу, ўз навбатида охир-оқибат ўйиннинг дуранг билан якунланишини таъминлади.
“Grand Chess Tour” сериясининг ҳал қилувчи босқичи ҳисобланган ушбу мусобақанинг ортда қолган 3-тур ўйинларида Уэсли Со қора доналарда ҳамюрти Фабиано Каруанани енгиши эвазига 2,5 очко билан етакчилигини мустаҳкамлаб олди.

Кейинги ўринларни банд этган Максим Вашье-Лаграв ва Леван Аронян 2 очко билан 2-3-ўринларда ҳаракатланмоқда. Синдоров ҳисобида эса 1,5 очко мавжуд.
Эслатиб ўтамиз, 20 августга қадар давом этадиган турнирда ғолибликни қўлга киритган шахматчи 100 минг АҚШ доллари билан тақдирланади.
Т.Рўзиев, ЎзА