Шахмат: Афруза ва Нилуфар Осиё чемпионатида ўзига хос рекордлар қайд этди
Мўғулистон пойтахти Улан-Баторда поёнига етган Осиё чемпионатида терма жамоамиз аъзоларидан Афруза Ҳамдамова 7,5 очко жамғариб, 2-ўринни эгаллаш билан бирга мукофот жамғармаси ҳисобидан 9 минг АҚШ доллари билан тақдирланди.
Бундан ташқари, қитъа чемпионатида кумуш медалга эга чиққан ёш ва истеъдодли шахматчимиз Афруза Ҳамдамова аёллар ўртасидаги жаҳон "ливе" рейтингида ТОП-30 ликка кўтарилишга муваффақ бўлди.

Осиё чемпионатидаги ютуқлари ортидан Афруза ўз рейтингини 2439.6 пунктга етказди (+12.6 очко) ва дунё рейтингида 5 поғона юқорилаб, 26-ўринга кўтарилишга эришди.
20 дан зиёд давлатнинг 250 нафарга яқин шахматчилари иштирок этган баҳсларда Нилуфархон Имомқўзиева 9 та имкониятдан 6 очко тўплаган ҳолда 9-поғонадан жой олиш асносида WGM (Woman Grandmaster) нормаси талабларини бажарди.
Т.Рўзиев,
ЎзА