Шарқ марвариди – 2026: От спорти ривожида катта қадам
Жорий йилнинг 8-9 май кунлари Ўрта Чирчиқ туманида жойлашган “Ўзбегим отлари” заводига қарашли отчопарда “Шарқ марвариди – 2026” халқаро от пойгаси мусобақаси ўтказилади.
Шу кунларда мазкур нуфузли турнирга қизғин тайёргарлик кўриляпти. Спорт вазирлиги, Тошкент вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти федерацияси, “Ўзбегим” от заводи ва ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ташкил этилаётган мазкур мусобақага хорижлик тажрибали ҳакамлар жалб қилинган. Шу билан бирга, мамлакатимиз спортчиларидан ташқари Туркманистон, Тожикистон, Қозоғистон ва Россия Федерациясидан жами 100 нафардан зиёд спортчилар иштирок этади. Шу билан бирга, бугундан мамлакатимизга хориждан от спорти ихлосмандлари, халқаро спорт ташкилотлари вакиллари келяпти.
Пойгалар эса отларнинг ёшидан келиб чиқиб (2, 3, 4 ва ундан катта ёшдаги Ахалтака ва инглиз зотли отлар) 1000 метрдан 2 минг 400 метргача бўлган масофада ташкил этилади. Ғолиблар ташкилотчилар томонидан эсдалик совғалари билан тақдирланади.

Таъкидлаш лозимки, охирги йиллар мамлакатимизда Президентимиз ташаббуси билан от спортини ривожлантириш, ҳудудларда оммалаштириш, профессионал спортчиларни тайёрлаш тизимини йўлга қўйиш мақсадида қатор ишлар қилинмоқда. Хусусан, бу каби мусобақалардан ҳам кўзланган мақсад от спорт тури билан шуғулланувчиларни бошқа давлат спортчилари билан рақобат қила оладиган даражага етказиш, халқаро талаб ва стандартлар асосида мутахассисларни тайёрлаш, соҳада яхши натижаларни қўлга киритишга кўмаклашишга қаратилган.
Мусобақа доирасида зотдор отлар кўргазмаси ва аукцион савдоси ҳам ташкил этилиши режалаштирилган.
А.Мусаев, ЎзА