Шаҳзодбек Осиё чемпионати совриндорлари сафидан жой эгаллади
Қозоғистон Республикасининг Чимкент шаҳрида 3–6 апрель кунлари жанг санъати спорт турлари бўйича ўтказилган Осиё чемпионатида Сайхунобод тумани спорт мактаби тарбияланувчиси Шаҳзодбек Маҳамматов муносиб иштирок этиб, фахрли 2-ўринни қўлга киритди ва кумуш медаль совриндори сифатида совриндорлар сафидан жой эгаллади.
Мусобақа давомида қитъанинг турли давлатларидан келган кучли спортчилар ўзаро беллашиб, юқори даражадаги рақобат муҳитида ўз маҳоратларини намойиш этдилар. Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Шаҳзодбек барча босқичларда ирода, чидам ва тайёргарликнинг юқори даражасини кўрсатди.
Финал якунларига кўра, спортчимиз кумуш медалга сазовор бўлиб, мамлакатимиз ва Сирдарё вилояти шарафини муносиб ҳимоя қилди.

— Осиё чемпионати мен учун катта тажриба бўлди. Ҳар бир учрашув жуда кучли рақобат остида ўтди. Финалгача етиб борганим мен учун катта ютуқ, аммо бу билан тўхтаб қолмайман. Келгусида янада катта мақсадларим бор — жаҳон чемпионатларида ҳам юксак натижаларга эришиш, Ўзбекистон байроғини янада баланд кўтариш учун меҳнат қиламан, — дейди Шаҳзодбек Маҳамматов.
Мураббийлар ва спорт мутахассислари қайд этишича, ушбу натижа Шаҳзодбекнинг тизимли тайёргарлиги, қатъий интилиши ҳамда мураббийлар мактабининг самарасидир. Бу ютуқ ёш спортчилар учун ҳам катта рағбат вазифасини ўтайди.
Шу тариқа, Шаҳзодбек Маҳамматов Осиё чемпионати совриндорлари қаторида муносиб ўрин эгаллаб, келгусидаги халқаро мусобақалар учун муҳим тажриба орттирди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири