Шаҳрихон туманида Оила ва хотин-қизлар маскани иш бошлади
Шаҳрихон тумани марказидаги Бувайда маҳалласида Оила ва хотин-қизлар маскани ўз фаолиятини бошлади.
Андижон вилояти ҳокими ўринбосари, оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Нигорахон Юнусова, туман ҳокими Ҳикматулло Дадахонов, маҳаллаларда фаолият олиб бораётган хотин-қизлар фаоллари, нуронийлар, ҳамкор ташкилотлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида маскан очилишига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирда Президентимиз ташаббуси билан юртимизда хотин-қизлар, хусусан, уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, қўллаб-қувватлаш, турмуш фаровонлигини юксалтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётганлиги таъкидланди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Андижон вилоятига аввалги йилдаги ташрифи чоғида вилоятнинг туман, шаҳарларида “Оила ва хотин-қизлар маскан”ларини барпо этиш, фаолиятини самарали йўлга қўйиш бўйича топшириқлар берган эди.


Ана шу топшириқ ижроси доирасида Шаҳрихон туманида ташкил этилган янги масканда хотин-қизларга турли йўналишларда амалий кўмак кўрсатиш, уларнинг муаммоларини ўрганиш ва ечим топиш, оилаларда соғлом маънавий муҳитни шакллантириш бўйича тизимли ишлар олиб борилади. Шунингдек, хотин-қизларни касб-ҳунарга ўқитиш, тадбиркорликка жалб этиш, бандлигини таъминлаш ва ўзини ўзи даромад билан таъминлаши учун зарур шароитлар яратилади.

Янги иш бошлаган Оила ва хотин-қизлар масканида хотин-қизлар учун касб-ҳунарга ўргатиш бўйича ўқув курслари, ҳуқуқий, психологик маслаҳат марказлари фаолияти йўлга қўйилади. Бир сўз билан айтганда, ушбу маскан туманда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш самарадорлигини ошириш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашда муҳим майдон бўлиб хизмат қилади.
Фахриддин Убайдуллаев,
ЎзА мухбири