Шаҳрисабзга “Бутунжаҳон ҳунармандлар шаҳри” мақоми берилди
Шаҳрисабз шаҳрида 13–15 август кунлари бўлиб ўтган “Ироқи” халқаро каштачилик фестивали миллий ҳунармандчилик санъатини тарғиб қилиш, унинг халқаро нуфузини ошириш ва усталар ўртасида тажриба алмашиш учун муҳим майдонга айланди.
Фестиваль доирасида ташкил этилган кўргазмалар, маҳорат дарслари, ижодий учрашувлар ва илмий-амалий тадбирларда маҳаллий ҳамда хорижий ҳунармандлар иштирок этди. Тадбирнинг энг муҳим воқеаси эса Шаҳрисабз шаҳрига Бутунжаҳон ҳунармандлар кенгашининг “Бутунжаҳон ҳунармандлар шаҳри” мақомини берувчи сертификатнинг тантанали равишда топширилиши бўлди.
Мазкур эътироф Шаҳрисабзда асрлар давомида авлоддан-авлодга ўтиб келаётган миллий ҳунармандчилик анъаналари, айниқса, машҳур ироқи каштачилик санъатининг халқаро миқёсда юксак баҳоланганидан далолат беради. Шу билан Ўзбекистонда ушбу нуфузли мақомга эга шаҳарлар сафи яна биттага кенгайди.
Фестиваль доирасида “Ипак кашта жилоси” республика кўрик-танлови ҳам ўтказилиб, бир қатор номинациялар бўйича энг фаол ва иқтидорли каштадўзлар тақдирланди.
“Ипак кашта маҳсулотларини энг кўп экспорт қилган тадбиркор” номинациясида Санжар Назаров биринчи, Латиф Садриддинов иккинчи ва Мавлуда Ҳамдамова учинчи ўринни қўлга киритди.
“Энг моҳир ёш каштадўз” номинацияси ғолиблиги Паризод Холмаҳмудовага насиб этди. Иккинчи ўринни қорақалпоғистонлик Меҳригул Аманиязова, учинчи ўринни эса Фотима Асадова эгаллади.
“Хотин-қизлар бандлигини таъминлаган энг фаол каштадўз” номинациясида Саодат Файзиева биринчи, Дилфуза Раҳмонова иккинчи ва Нилуфар Жўраева учинчи ўринга муносиб кўрилди.
“Энг машҳур миллий бренд яратган каштадўз” номинациясида Тожикистон вакили Мунира Акилова ғолиб деб топилди. Ушбу номинацияда ўзбекистонлик Саодат Низомова иккинчи, туркманистонлик Лейли Хаитова учинчи ўринни эгаллади.
“Энг яхши креатив маҳсулот яратган каштадўз” номинациясида биринчи ўрин Нaргиза Шерхўжаевага насиб этди. Иккинчи ва учинчи ўринлар мос равишда Туркия ва Қозоғистон вакиллари Нозик Гулдуз ҳамда Айдоз Нуржамолга берилди.
Фестивалнинг энг олий мукофоти ҳисобланган “Энг яхши каштадўз” номинацияси ғолиби Гулнора Адилова бўлди. Зуҳра Облобердиева иккинчи, Сайёра Турдуқулова эса учинчи ўринни қўлга киритди. Ғолибларни тақдирлаш маросимида Бутунжаҳон ҳунармандлар кенгаши президенти Саад Ал-Қаддумий иштирок этди.
Фестиваль доирасида Қашқадарё вилояти ҳокими Муротжон Азимов Бутунжаҳон ҳунармандлар кенгаши президенти Саад Ал-Қаддумий билан учрашди. Мулоқотда ҳунармандчиликни янада ривожлантириш, маҳаллий усталарнинг хорижда таълим олиши ва малака ошириш имкониятларини кенгайтириш, Қашқадарё ҳунармандларининг халқаро фестиваль ва кўргазмалардаги иштирокини кучайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар ҳунармандларни қўллаб-қувватлаш, миллий маҳсулотларни халқаро бозорларда кенг тарғиб қилиш ҳамда вилоятнинг бой ҳунармандчилик анъаналарини дунё жамоатчилигига кенг танитиш бўйича ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга келишиб олди.
Фестиваль якунлари Шаҳрисабзнинг нафақат тарихий ва маданий марказ, балки халқаро миқёсда тан олинган ҳунармандчилик шаҳри сифатидаги мақомини янада мустаҳкамлади.
[gallery-30927]
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат),
ЎзА мухбирлари