Шаҳарсозликда дрондан фойдаланиш бўйича Хитой тажрибаси ўрганилди
Мамлакатимизда қурилиш ва бунёдкорлик ишлари жадал ривожланиб, янги шаҳарлар, массивлар барпо этилмоқда. Мазкур жараёнларда замонавий технологиялардан фойдаланиш, шаҳарсозлик соҳасида халқаро тажрибада синовдан ўтган самарали усулларни қўллаш кўникмаларини ўзлаштириш долзарб аҳамиятга эга.
Шу мақсадда Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигининг ёш архитекторлардан иборат делегацияси Хитойда бўлиб, дрон технологиялари ва шаҳарсозлик тажрибаси билан танишди.
Юртимиз вакиллари Хитойнинг Деянг шаҳрида жойлашган “Deyang EDA Intelligent Aviation Co. Ltd” корхонасига ташриф буюрди. Бу ерда делегация аъзоларига корхонада ишлаб чиқарилаётган замонавий дронлар, уларнинг турлари, техник имкониятлари ҳамда турли соҳаларда қўллаш йўналишлари ҳақида батафсил маълумот берилди.

Айниқса, шаҳарсозлик соҳасида дрон технологияларидан фойдаланиш бўйича Хитой тажрибаси алоҳида эътибор марказида бўлди. Ҳудудларни ўрганиш, қурилиш ва таъмирлаш ишларига тайёрлаш, шунингдек, қурилиш жараёнларини мониторинг қилишда дронлар ёрдамида 3D форматдаги маълумотларни реал вақт режимида тўплаш имконияти кенг қўлланилаётгани айтиб ўтилди. Бу эса шаҳарсозлик жараёнларида вақт ва меҳнат ресурсларини тежаш, инсон омилига боғлиқ иш ҳажмини камайтириш ҳамда қурилиш ишларининг сифатини назорат қилиш самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда.

Шундан сўнг делегация вакиллари Деянг шаҳарсозлик ва ҳудудий режалаштириш кўргазма марказида бўлиб, шаҳар бош режасининг макети билан танишди. Деянг шаҳрида 1984 йилдан буён амалга оширилган бунёдкорлик ишлари, ҳудуднинг ривожланиш босқичлари ҳамда истиқболдаги шаҳарсозлик режалари ҳақида батафсил маълумот берилди.
Мазкур ташриф давомида ўзбекистонлик ёш архитекторлар шаҳарни режалаштириш, ягона архитектуравий қиёфани шакллантириш тамойиллари ҳамда узоқ муддатли бош режаларни ишлаб чиқиш тажрибалари бўйича билим ва малакаларини оширди.
М.Комилова,
ЎзА