French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сейсмик хавфсизликни таъминлашда янги механизмлар жорий этилмоқда

Ўзбекистонда аҳоли ва ҳудудларни табиий офатлардан муҳофаза қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Айниқса, мамлакатимиз сейсмик фаол ҳудудда жойлашгани сабабли зилзила хавфини камайтириш, биноларнинг барқарорлигини таъминлаш ҳамда аҳолининг бу борадаги хабардорлигини ошириш муҳим аҳамият касб этади.

Шу боис, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 21 октябрдаги “Сейсмик хавфсизликни таъминлаш ҳамда сейсмология соҳасидаги ишлар самарадорлигини янада оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида сейсмология соҳасини комплекс ривожлантириш, зилзилаларни илмий асосда ўрганиш ва аҳоли хавфсизлигини таъминлашга қаратилган муҳим вазифалар белгиланди.

Фармонга мувофиқ, мамлакатимизда зилзилаларни мониторинг қилиш, сейсмик жараёнларни таҳлил қилиш ва прогнозлаш тизимини такомиллаштириш устувор вазифалардан бири сифатида белгиланди.

Хусусан, замонавий сейсмологик кузатув станциялари тармоғини кенгайтириш, уларни юқори аниқликдаги ускуналар билан жиҳозлаш ва ягона ахборот тизимига интеграция қилиш режалаштирилган.

Шунингдек, сейсмология соҳасида илмий тадқиқотларни кенгайтириш, халқаро илмий марказлар билан ҳамкорликни ривожлантириш ва мутахассислар тайёрлаш тизимини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу эса мамлакатимизда зилзилаларни илмий асосда ўрганиш ва уларнинг эҳтимолий оқибатларини камайтиришга хизмат қилади.

Фармоннинг 11-банд «б» кичик бандида аҳоли ва ҳудудларнинг сейсмик хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек сейсмология соҳасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар моҳиятини кенг жамоатчиликка тушунарли тарзда етказиш ишларини ташкил этиш вазифаси белгиланган. Бу эса сейсмик хавфсизликни таъминлашда ахборот сиёсати ва тарғибот ишлари муҳим аҳамиятга эга эканини кўрсатади. Зилзила каби табиий офатлар кутилмаган ҳолда юз бериши мумкин. Шу боис аҳолининг фавқулодда вазиятларда тўғри ҳаракат қилиш кўникмаларига эга бўлиши, хавфсизлик қоидаларини билиши жуда муҳим. Шу мақсадда оммавий ахборот воситалари, таълим муассасалари ва мутасадди идоралар орқали аҳолини мунтазам равишда хабардор қилиш, тушунтириш ишларини кучайтириш, махсус ўқув машғулотлари ва профилактик тадбирларни ташкил этиш назарда тутилган.

Фармонда қурилиш соҳасида ҳам сейсмик хавфсизлик талабларини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан, янги қурилаётган биноларнинг сейсмик барқарорлигини таъминлаш, лойиҳалаш ва давлат экспертизаси жараёнларини такомиллаштириш, амалдаги қурилиш меъёрларини халқаро стандартлар асосида янгилаш каби вазифалар белгиланган.

Соҳа мутахассисларининг қайд этишича, биноларнинг сейсмик барқарорлигини таъминлаш зилзила оқибатларини камайтиришда ҳал қилувчи омиллардан бири ҳисобланади. Шу боис қурилиш жараёнларида замонавий технологиялардан фойдаланиш ва назорат тизимини кучайтириш муҳим аҳамият касб этади.

Фармон қабул қилингунига қадар сейсмология соҳасида муайян ишлар амалга оширилган бўлса-да, айрим муаммолар сақланиб келаётган эди. Жумладан, сейсмологик кузатув станциялари тармоғи етарлича ривожланмаган, замонавий мониторинг ва прогнозлаш технологиялари чекланган даражада қўлланилган. Шунингдек, сейсмик хавф ҳақида аҳолининг хабардорлиги етарли эмас эди. Турли идоралар ўртасида ахборот алмашинуви тизими тўлиқ шаклланмаган. Биноларнинг сейсмик барқарорлигини баҳолаш ва назорат қилиш механизми самарадорлиги паст эди.

Қабул қилинган фармон билан эса мазкур муаммоларни ҳал этишга қаратилган комплекс ислоҳотларни назарда тутади. Фармонга мувофиқ, биринчидан, мамлакатда замонавий сейсмологик мониторинг тизими ривожлантирилади. Иккинчидан, сейсмик хавфларни баҳолаш ва прогнозлаш бўйича илмий тадқиқотлар кенгайтирилади. Учинчидан, биноларнинг сейсмик барқарорлигини таъминлаш бўйича талаблар кучайтирилади. Тўртинчидан, аҳолининг сейсмик хавфсизлик бўйича хабардорлигини ошириш ишлари тизимли равишда ташкил этилади.

Биноларнинг сейсмик барқарорлиги ошади. Аҳолининг фавқулодда вазиятларга тайёргарлиги кучаяди. Сейсмик хавфлар ҳақида ахборот бериш тизими янада такомиллашади. Бу эса табиий офатлар оқибатларини камайтириш ва аҳоли хавфсизлигини таъминлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Бир сўз билан айтганда, фармон сейсмология соҳасидаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади. Мазкур ҳужжат асосида илмий тадқиқотлар, мониторинг тизими ва профилактик тадбирлар кучайтирилиши орқали мамлакатимизда сейсмик хавфсизликни таъминлаш бўйича самарали тизим шакллантирилмоқда.

Энг муҳими, бу ислоҳотлар аҳолининг хавфсиз ва барқарор ҳаёт кечиришини таъминлашга қаратилган.

Шаҳноза Маматуропова,

ЎзА