Сербия Ўзбекистон билан эркин савдо битимини тузиш имкониятини кўриб чиқмоқда
Президент Шавкат Мирзиёевнинг Сербия Республикасига расмий ташрифи доирасида иқтисодий ҳамкорлик бўйича икки давлат ҳукуматлараро комиссияларининг йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилиш якунида Сербия Республикаси Иқтисодий алоқалар вазири Ненад Попович икки давлат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик истиқболлари ҳақида интервью берди.
Вазирнинг маълум қилишича, Сербия ва Ўзбекистон ўртасида эркин савдо тўғрисидаги битим тузиш имкониятлари кўриб чиқилмоқда. Бу икки мамлакат маҳсулотларининг ўзаро бозорга эркин кириб боришига йўл очиши мумкин.
– Иқтисодиётларимиз бир-бирини тўлдиради, – деди Ненад Попович. – Президентларимиз ўртасида юқори даражада дўстона муносабат шаклланган. Энди иқтисодий ҳамкорликни ҳам шу даражага олиб чиқишимиз керак.
Унинг таъкидлашича, Шавкат Мирзиёевнинг Сербияга расмий ташрифи бу борада янги имконият очмоқда.
Вазир савдо ва инвестициялар, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат ва тўқимачилик саноати билан бир қаторда, янги технология, рақамлаштириш, сунъий интеллект, робототехника соҳасида ҳам катта салоҳият борлигини қайд этди.
– Ишончим комилки, Президентингизнинг ташрифи ва эришиладиган келишувлар Сербия ва Ўзбекистон ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқади, – дея сўзларини тугатди Сербия Иқтисодий алоқалар вазири.
Д.ҲАКИМОВ,
ЎзА