"Сенаторлар ва ёшлар учрашуви": келажакка қадам бугундан бошланади
Навоий давлат кончилик ва технологиялар университетида “Келажакка бугундан қадам” лойиҳаси доирасида “Навоий кон-металлургия комбинати” АЖ бошқаруви раиси – Бош директори, Ўзбекистон Қаҳрамони, сенатор Қувондиқ Саноқулов ҳамда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги Бош директори, сенатор Абдусаид Кўчимов иштирокида “Сенаторлар ва ёшлар” учрашуви бўлиб ўтди.
Тадбирда навоийлик ёшлар билан бирга Ургут туманидан келган тўртта умумтаълим мактаби юқори синф ўқувчилари ва уларнинг устозлари қатнашди.
Бугун юртимизнинг барча ҳудудларида, жумладан, Самарқанд вилоятининг Ургут туманида ҳам кўплаб ер ости ва ер усти бойликлари мавжуд. Келгусида уларни қазиб олиш ҳамда қайта ишлаш корхоналари ишга туширилади. Уларда фаолият юритиш учун эса юзлаб, минглаб мутахассислар керак. Ва албатта, уларда бугун вояга етаётган ёшлар ишлашади. Бунинг учун эса ёшларни ҳозирдан касбга қизиқтириш ва ўргатиш лозим.
Ургут туманидаги Абдусаид Кўчимов кутубхонаси ҳамда “Навоий кон-металлургия комбинати” АЖ ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу учрашув ҳам ёшларни комбинат ҳамда Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети фаолияти билан яқиндан таништириш, ёшларда кончилик ва металлургия соҳаларига бўлган қизиқишни янада ошириш, уларни ушбу йўналишларда билим олиш ва касб эгаллашга рағбатлантиришдир.
Учрашувда сенаторлар ёшларнинг замонавий билим ва касб-ҳунарларни эгаллаши, ташаббус ва ғояларини амалиётга татбиқ этиши учун яратилаётган имкониятлар ҳақида сўз юритдилар.
Таъкидланганидек, бугун мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларда инсон, унинг қадр-қиммати, билим ва салоҳиятини рўёбга чиқаришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айниқса, ёш авлоднинг замонавий билимларни эгаллаши, рақобатбардош касб-ҳунарларни ўзлаштириши, жамият ва давлат тараққиётида фаол иштирок этиши учун шарт-шароит яратиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган.
– Бугунги кунда мамлакатнинг иқтисодий қудратини нафақат табиий бойликлари ёки ишлаб чиқариш қуввати, балки инсон капитали, билимли, ташаббускор, замонавий технологияларни ўзлаштирган мутахассислар белгилаб бериши ҳеч кимга сир эмас, – дейди Қувондиқ Саноқулов. – Ёшларни сифатли таълим билан қамраб олиш, уларни меҳнат бозори талабларига мос касбларга йўналтириш ва илмий изланишларга жалб этиш эса муҳим аҳамиятга эга. Таълим тизимидаги ислоҳотларда ҳам айнан шу эҳтиёждан келиб чиқиб, назарий билимларни амалиёт билан уйғунлаштириш, олий таълим муассасалари ва ишлаб чиқариш корхоналари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга эътибор қаратилмоқда. Шунинг учун сиз – ёшлардан умидимиз катта. Эртага ҳар бирингиз ўз қизиқишингиздан келиб чиққан ҳолда билим олишингиз, ўз устингизда тинимсиз ишлашингиз лозим. Зеро, кончилик ва металлургия соҳаси мамлакат иқтисодиётининг муҳим тармоқларидан бири бўлиб, унинг келгуси тараққиёти замонавий билимга эга, инновацион фикрлайдиган ва юқори малакали кадрларга бевосита боғлиқ.
Албатта, Навоий кон-металлургия комбинати каби йирик саноат корхоналарининг ривожланиши ҳам янги авлод мутахассисларига бўлган талабни оширади. Саноат тармоқларида рақамлаштириш, автоматлаштириш, ресурслардан оқилона фойдаланиш ва экологик талабларни таъминлаш жараёнлари тобора кенгаймоқда. Бу эса барча йўналишлардаги мутахассислардан доимий равишда билим ва малакасини ошириб боришни талаб этади.
– Мен Навоий давлат кончилик ва технологиялар университетида фақат ўғил болалар ўқийди, деб ўйлардим. Аммо бу ерда кўплаб хотин-қизлар ва аёллар ишлаётганини, қизлар ўқиётганини кўрдим ва мен ҳам уларга ҳавас қилдим, – дейди ургутлик ўқувчи Зиёда Баҳодирова. – Университетда дарс жараёнлари, технология ва лаборатория хоналари билан танишдик. Биз уларнинг замонавий жиҳозлар билан жиҳозланганлигини кўрдик ва лаборатория машғулотларини бирга бажардик. Навоийга келганимдан жуда ҳам хурсандман. Бизга кончилик соҳасидаги иш жараёнларини тушунтириб беришди. Мактабни битиргач, ушбу олий ўқув юртида ўқишни ният қилдим.
Учрашувда ёшлар томонидан илгари сурилган ташаббуслар қўллаб-қувватланиб, уларни амалга ошириш механизмлари белгилаб олинди. Университет ва мактаблар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, ёш мутахассисларнинг касбий салоҳиятини оширишга қаратилган ҳамкорликни кенгайтириш таклифи билдирилиб, ўқувчиларнинг қўшимча билим олиши учун олий ўқув юрти профессор-ўқитувчилари яқиндан кўмак беришга тайёр эканликларини билдиришди.
Натижада тадбир сўнггида Абдусаид Кўчимов кутубхонаси, 37-умумтаълим мактаби ҳамда Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети ўртасида устоз-шогирд анъаналарини ривожлантиришга қаратилган уч томонлама меморандум имзоланди.
[gallery-32344]
Унга кўра, эндиликда таълимнинг турли босқичлари ўртасидаги узвийлик мустаҳкамланиб, ўқувчиларнинг билим салоҳиятини юксалтириш, уларни китобхонликка, илм-фанга ва изланишга кенг жалб этишга алоҳида эътибор қаратилади. Уларга олий таълим муассасаси профессор-ўқитувчилари ва талабалари кўмагида касб танлаш, илм-фан сирларини ўрганиш, ўз қизиқиш ва қобилиятларини ривожлантиришга имконият яратилади.
Кўп бора таъкидланаётгандек, билимли ва салоҳиятли авлодни тарбиялаш фақат таълим муассасасининг вазифаси эмас. Бу мактаб, олий таълим, кутубхона ва кенг жамоатчиликнинг ҳамкорлигида амалга ошадиган жараёндир. Имзоланган меморандум ҳам ана шу ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ёшларнинг таълим ва тарбиясида изчилликни таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат),
ЎзА мухбирлари