Сенаторлар ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш масаласига эътибор қаратди
Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси ҳамда халқ депутатлари Янгиҳаёт тумани кенгашининг қўшма мажлисида ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, жиноятчиликка қарши курашиш ва коррупциянинг олдини олиш бўйича амалга оширилган ишлар натижалари муҳокама қилинди.
Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қ.Бурхонов, Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси аъзоси Г.Маруфова, Солиқ қўмитаси раҳбарияти, халқ депутатлари Янгиҳаёт тумани кенгаши депутатлари, маҳаллий ижро ҳокимияти, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда мутасадди идоралар вакиллари иштирок этди.
Мажлисда туман ҳокими, прокурори ҳамда ички ишлар органлари раҳбарларининг ҳисоботлари эшитилиб, мавжуд ҳолат юзасидан депутатлар томонидан бир қатор масалалар ўртага ташланди.
Жумладан, туманда кўрилган чора-тадбирлар натижасида 2026 йилнинг биринчи ярим йиллигида муқаддам судланган шахслар томонидан содир этилган жиноятлар 50 фоиз, ёшлар жинояти 38 фоиз, аёллар жинояти 25 фоиз ҳамда маст ҳолатда содир этилган жиноятлар 14,2 фоизга қисқарган.
Шу билан бирга, ички ишлар органлари ташаббуси билан аниқланган жиноятлар сони 19 фоизга кўпайгани профилактика ишлари самарадорлиги ортиб бораётганидан далолат беради.

Муҳокама жараёнида айрим йўналишларда олиб борилаётган ишларни янада кучайтириш зарурлиги қайд этилди. Жумладан, профилактик тадбирлар ижроси устидан таъсирчан назоратни таъминлаш, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли билан манзилли ишлаш, белгиланган вазифаларнинг ахборот платформаларида тўлиқ акс эттирилишини таъминлаш ҳамда масъул ташкилотлар ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш бўйича тегишли вазифалар белгиланди.
Билдирилган таклиф ва мулоҳазалар асосида қўшма қарор қабул қилинди ва белгиланган вазифаларни амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар режаси тасдиқланди.
Н.Абдураимова,
ЎзА