Сенаторлар: фармацевтика фаолиятига оид қонунни такомиллаштириш мақсадга мувофиқ
Сенат ялпи мажлисида “Фармацевтика фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун муҳокама қилинди.
Қонунда маҳаллий фармацевтика корхоналарининг ишлаб чиқариш қувватларини ошириш, соҳага технологиялар трансферини жорий этиш, соғлиқни сақлаш амалиётида ҳужайра технологияси асосида ишлаб чиқарилган биотехнология воситаларини қўллашга қаратилган айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилган.

Бундан ташқари, тиббий буюмни ва тиббий техникани давлат рўйхатидан ўтказиш жараёнида юзага келаётган муаммоларни бартараф этиш мақсадида “тиббий техника” ва “тиббий буюм” категориялари ўрнига умумлаштирилган ҳолда “тиббий жиҳоз” тушунчаси киритилмоқда.

Муҳокама жараёнида сенаторлар томонидан ушбу қонунда қайта кўриб чиқилиши лозим бўлган айрим масалалар мавжудлиги таъкидланди.
Шуларни инобатга олиб, Сенатнинг қонунни қайта кўриб чиқиш лозимлиги тўғрисидаги қарори қабул қилинди.
Н.Абдураимова,
Н.Ҳайдаров (сурат), ЎзА