Сенат: ёшлар ташаббуслари қўллаб-қувватланади, волонтёрлик ҳаракати ривожлантирилади
30 июнь – Ёшлар куни муносабати билан Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева волонтёр ёшлар билан очиқ мулоқот ўтказди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда ёшларнинг фуқаролик фаоллигини юксалтириш, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва волонтёрлик ҳаракатини кенг ривожлантириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Бугунги кунда волонтёрлар таълим, экология, маданият, спорт, хайрия, ижтимоий ҳимоя ва бошқа қатор соҳаларда амалга ошираётган эзгу ташаббуслари билан жамият тараққиётига муносиб ҳисса қўшмоқда.

Очиқ мулоқот давомида волонтёр ёшлар ўз фаолияти давомида тўплаган тажрибалари, ҳудудларда волонтёрлик ҳаракатини янада кенгайтириш, ёшларни ушбу эзгу ҳаракатга кенг жалб қилиш, шунингдек, соҳага оид қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан аниқ таклиф ва ташаббусларини билдирди.
Ёшларни қизиқтираётган долзарб масалалар атрофлича муҳокама қилиниб, волонтёрлик инфратузилмасини ривожлантириш, давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, илғор хорижий тажрибани жорий этиш ҳамда билдирилган таклифларни амалиётга татбиқ этиш механизмлари юзасидан фикр алмашилди.

Мулоқотда фаол волонтёрларнинг мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлардаги иштироки, аҳолига ижтимоий кўмак кўрсатиш, экологик маданиятни юксалтириш, ёшлар ўртасида ватанпарварлик, бағрикенглик ва ижтимоий масъулият туйғусини мустаҳкамлаш борасидаги хизматлари алоҳида эътироф этилди. Волонтёрлик маданиятини кенг оммалаштириш, ёшларнинг фуқаролик фаоллигини қўллаб-қувватлаш ҳамда мазкур ҳаракатни тизимли равишда ривожлантириш муҳим вазифа экани таъкидланди.

Тадбир доирасида волонтёрлик ҳаракати доирасида амалга оширилаётган ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳалар кўргазмаси ҳам ташкил этилди. Унда таълим, экология, маданият, спорт, хайрия ва ижтимоий ҳимоя соҳаларидаги илғор ташаббуслар, инновацион ғоялар ҳамда истиқболли лойиҳалар намойиш этилди.
Тадбир якунида Сенат ҳузуридаги Ёшлар парламенти, Ўзбекистон Волонтёрлар ассоциацияси ҳамда “Зиё форум” жамғармаси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Мазкур ҳужжат волонтёрлик ҳаракатини янада ривожлантириш, ёшларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда давлат органлари билан фуқаролик жамияти институтлари ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.
Н.Абдураимова,
ЎзА