Сенат Раиси: Раҳбар фаолиятининг энг муҳим баҳоси одамларнинг розилиги ва ишончидир
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева Давлат сиёсати ва бошқаруви академияси "Раҳбар аёллар" қайта тайёрлаш таълим дастури тингловчилари учун маҳорат дарси ўтказди.
Мазкур дастур хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг раҳбарлик салоҳиятини ривожлантириш ҳамда давлат бошқарувидаги иштирокини кенгайтиришга қаратилган. Айни пайтда ушбу дастур бўйича 50 нафар истиқболли аёл раҳбар таҳсил олмоқда.
Маҳорат дарсида давлат бошқаруви, парламент фаолияти, қонун устуворлигини таъминлаш, жамоатчилик билан самарали мулоқот ўрнатиш, қарор қабул қилишда масъулият ва очиқлик тамойилларига амал қилиш масалаларига эътибор қаратилди.
Жамиятда раҳбар аёллар сонини кўпайтириш, меҳнат жамоаларида аёллар ва эркаклар учун тенг имкониятлар яратилиши билан бирга, масъулият ҳам бир хил бўлиши таъкидлаб ўтилди. Раҳбар фаолиятининг энг муҳим баҳоси – одамларнинг розилиги ва ишончидир. “Раҳбар аёллар” дастури эса янги билим ва бошқарув кўникмаларини эгаллаб, ўз салоҳиятини мамлакатимиз тараққиёти йўлида амалий натижага айлантириш учун муҳим имконият майдони эканлиги қайд этилди.

Хотин-қизларнинг жамият ва давлат бошқарувидаги ролини янада ошириш, замонавий раҳбар учун зарур бўлган стратегик фикрлаш, ташаббускорлик, жамоани бошқариш ва масъулиятли қарорлар қабул қилиш кўникмалари юзасидан фикр алмашилди.
Айтиб ўтиш керакки, Т.Норбоеванинг парламент ва давлат бошқарувидаги кўп йиллик тажрибаси, қонун ижодкорлиги ҳамда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш йўналишидаги амалий фаолияти дастур тингловчилари учун муҳим маҳорат мактаби бўлиб хизмат қилади.
Маҳорат дарси якунида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олди ҳамда давлат бошқарувида самарали раҳбарлик бўйича амалий тавсияларга эга бўлди.
Н.Абдураимова, ЎзА