Сенат Раиси: маҳаллий кенгашлар фаолияти сифат ва самарадорлик жиҳатдан янги босқичга чиқади
Янги Ўзбекистонда халқ ҳокимиятини тўлақонли рўёбга чиқариш ҳамда давлат бошқарувида маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларининг ролини ошириш ислоҳотларнинг устувор йўналиши ҳисобланади.
Сўнгги йилларда маҳаллий кенгашларнинг ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳолини ташвишга солаётган муаммоларни ҳал этиш бўйича ваколатлари тобора кенгайиб бормоқда.
Сенат ялпи мажлисида маъқулланган “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун бу борадаги яна бир муҳим қадам бўлди.

Сенат Раиси Танзила Норбоева мазкур қонун Сенат ташаббуси билан ишлаб чиқилганини қайд этди.
– Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси ва эътибори билан бугун халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари фаолиятида мутлақо янги давр бошланди, - деди Т.Норбоева. – Авваллари депутатлар бундай ишламас эди, буни ўзимиз ҳам яққол мисолларда кўришимиз мумкин. Ҳокимиятлар бўлиниши тамойилининг маҳаллий даражада тўла таъминлангани, шубҳасиз, мазкур йўналишдаги энг муҳим ўзгариш бўлди.
Маҳаллий кенгашлар фаолиятини 2030 йилга қадар ривожлантириш концепцияси “Кучли кенгаш, ҳисобдор ва ташаббускор ҳоким” тамойилини рўёбга чиқаришда муҳим дастуруламал бўлиб хизмат қилмоқда. Қонун билан жорий этилаётган янги нормалар маҳаллий кенгашлар фаолиятини ташкилий-институционал, сифат ва самарадорлик жиҳатдан янги босқичга олиб чиқади.
Қонун билан маҳаллий вакиллик органлари фаолиятида бошқарувни тизимли ташкил этиш ва ижро ҳокимияти устидан парламент назоратининг ҳудудий шаклларини такомиллаштиришга қаратилган қатор ўзгартиришлар киритилмоқда.

Хусусан, халқ депутатлари маҳаллий кенгашларида кенгаш раиси ўринбосари институти жорий этилмоқда. Эътиборли жиҳати, ушбу лавозимдаги шахс бир вақтнинг ўзида кенгаш котибияти мудири ваколатларини ҳам амалга оширади. Унга котибият ходимларини лавозимга тайинлаш ва озод қилиш ваколатининг берилиши кенгаш аппаратининг маҳаллий ижро ҳокимиятидан тўлиқ мустақил бўлишини таъминлайди.
Маҳаллий кенгашлар фаолиятининг узлуксизлигини таъминлаш, сессиялар оралиғида ишларни самарали мувофиқлаштириш мақсадида кенгаш раёсати ташкил этилмоқда. Раёсат таркибига кенгаш раиси, унинг ўринбосари, доимий комиссиялар раислари ва сиёсий партиялар гуруҳлари раҳбарлари киритилиши белгиланмоқда.
Илк бор маҳаллий давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарларининг депутатлар саволларига жавобларини эшитишга қаратилган “Кенгаш соати” институти жорий этилмоқда. Бунда депутатлар аҳолини қийнаётган шошилинч масалалар юзасидан мутасаддилардан тезкор жавоб олиш имкониятига эга бўлади. Кечиктириб бўлмайдиган ҳолларда ушбу масала раёсатда кўриб чиқилиши ва кейинчалик сессияда тасдиқланиши мумкин.
Қонун маҳаллий ҳокимият тизимида демократик тийиб туриш ва мувозанат механизмларини қарор топтиришда муҳим ҳуқуқий асос бўлади.
Сенаторлар маъқуллаган қонун маҳаллий кенгашларнинг ижтимоий мавқеини ошириш, ҳудудий муаммоларни ҳал этишда вакиллик назоратининг таъсирчанлигини кучайтириш ҳамда давлат ҳокимияти тизимида тийиб туриш ва мувозанат сақлаш механизмини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Н.Абдураимова, ЎзА