Сен чўллар бағрида жонга оромсан!
Навоий шаҳридан Қизилқум чўли томон юрсангиз дастлаб ҳудуди жиҳатдан анча катта, узоқ тарихга эга Конимех тумани марказидан ўтасиз.
Сафар очерки
Конимех сўзи баъзи манбаларда “Кони-меҳр” яъни, меҳрга кон, дея таърифланса, яна бирида “Кони-мех” – терига кон (рус тилининг таъсирида бўлса керак) дея тилга олинади. Қадимдан чорвачилик ривожланган бу гўша туябоқару қўйбоқарлар юртидир. Қолаверса уни катта Қизилқум чўлига дарвоза ҳам, дея аташади. Машина ойнасидан боқиб, кенгликларнинг асл беҳаловат фидоийлари, кеча-кундуз тинчимас чўпону-чўлиқлар, геологлар, замин ташвишлари билан яшаётган замондошларимизга тасанно айтасиз.
Учқудуқда янги қудуқлар
Дунёда ҳар ишнинг бордир ўз гали,
Олис хотиралар ҳамроҳ ишимга.
Шоирлик ёдимдан чиққан маҳали,
Чўпонлик йилларим тушар ёдимга.
Учқудуқ шаҳарчаси вилоят маркази Навоий шаҳридан 300 км олисда жойлашган. Ўтган асрнинг 70 йилларида барпо этилган бу шаҳарча ўзига хос тарзда қурилган. Бу ерда Навоий тоғ-кон металлургия комбинатининг шимолий руда бошқармаси жойлашган. Аммо, овулда аҳоли асосан чорва билан шуғулланишади. 2017 йил 16 мартдаги “Чорвачиликдаги иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштиришга доир қўшимча чора тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарорига кўра, самара бермаётган собиқ ширкат хўжаликлари тугатилиб, уларнинг ўрнида фермер хўжаликлари ташкил этилди. Албатта, мулкчиликнинг янги шаклига ўтилиши чорвачилик билан шуғулланишнинг имкониятларини кенгайтирди. Туман ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлимидан олинган маълумотларга кўра, ҳозирда ҳудудда 4402 бош йирик шохли, 143811 бош 4138 от, 1750 туя ва 17315 парранда боқилапти.
– Айни вақтда Учқудуқ туманида 117 та чорвачилик фермер хўжаликлари фаолият олиб бормоқда, – дейди туман ҳокими ўринбосари, “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳиби Тўйлибой Аҳмедов. – Уларнинг қувончи ва ташвишлари ўзига яраша. Бу йил баҳорнинг серёғин келиши чорвадорларга жуда омадли бўлди. Чўл бағрида не-не доривор гиёҳу, чорвага озуқа бўладиган ўт-ўлан баравж ўсди. Захира хашак ҳам бисёр. Аммо, тери ва жун нархи ҳамон арзон. Ўтган йили эълон қилинган “Қоракўлчилик соҳасини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори ижроси доирасида туманимиздаги “Олтинтау” овул фуқаролар йиғинида 3 та, “Узунқудуқ”да 2 та, “Мингбулоқ”да 1 та қудуқ ковланиб ишга туширилди. Албатта, муаммолар ўз-ўзидан ечилиб қолмайди. Бунинг учун чорва сир-синоатини биладиган мулк эгаси ҳам заҳмат чекиши, имкониятлардан унумли фойдаланиши лозим.
Ўринбой Серикбоев кўп йиллар собиқ “Олтинтау” ширкат хўжалигида ишлаган. Айни пайтда унинг “Бобон ота” фермер хўжалигида 250бош қўй, 120 бош қўзи 5 та туя ва 50 та от боқилади.
– Отамиз Ўринбосар Серикбоев 40 йил қўй боққан донгдор чўпон эди, – дейди у. – Оилада 10 нафар бола эдик. Отам бир қанча орденлар соҳиби бўлган, қўйни қандай боқса самарали, қандай касалига қандай даво топишгача пухта билган. Чўл бағридаги, пойтахтдан 1000 км олис ҳудуд, учқудуқликларнинг “Олтинтау”овули “Обод қишлоқ” дастурига киритилгани, бир қатор янги қурилиш иншоотлари фойдаланишга топширилгани биз чўпонларни қувонтирди. 50 метрдан сув чиқарилиб, чорва учун оби-ҳаёт манбаси яратилди.
Саҳро кемасининг садоқати
Учқудуқда бир неча йил аввал ташкил этилган “Барака сервис Учқудуқ” кўп тармоқли фермер хўжалиги туябоқарлари суҳбатига ошиқаяпмиз. Кенгликлар ичида туялар карвонига кўзим тушиб бир ривоят ёдимга тушади:
...Бир подшоҳнинг жондан ортиқ яхши кўрадиган туяси бор экан. У фақат шу туяга қарашлари учун бир неча кишини тайинлабди. Шоҳнинг туяга меҳри кучли бўлганидан, ким менга унинг ўлганини айтса, калласини олман, дейишгача борибди. Аммо, туя ҳам иссиқ жон, бир кун келиб жон берибди. Аммо, ҳеч ким юрак ютиб, шоҳга бу хабарни етказа олмабди. Шунда туя боқувчилардан бири подшо ҳузурига бориб, вазиятни маълум қилибди: “Султоним, қимматли туянгиз ётибди – турмайди, кўзларини юмган, очмайди, оёқларини узатган йиғмайди... “Унинг гапларини охиригача тингламаган бесабр шоҳ: “Туянгиз ўлди, десанг-чи”, дебди. Шунда туякаш: “шоҳим, буни ўзингиз айтинг, чунки бу ишга бош тикилган”, дея жавоб қайтарган экан.
Бу бир ривоят, холос. Аммо, туя эгасига садоқатли ва оқибатли жонивор. У ривоятда айтилганидай. “Ётиб-турмайдиган, кўзларини юмса очмайдиган” ҳолга келгунча инсонга ҳамроҳ. Тарихда неча-неча мамлакатлар ҳудудларига карвонлар орқали инсониятга бениҳоя хизмат қилган бу “чўл кемаси”нинг фазилатлари чиндан-да мўъжиза. Унинг сути ҳам шифобахш.
Ҳамроҳим Тўйлибой ака Учқудуқнинг “Узунқудуқ” овулида машҳур чорвадор оиласида туғилиб ўсган. Аввал хўжаликни бошқарган, ҳозирда туман ҳокимининг қишлоқ хўжалик масалалари бўйича муовини. “Туячилик бўйича илмий ишлар кам тадқиқ қилинган – дейди у. Аммо, Қизилқум чўпонлари туя боқишнинг сирларини яхши билишади. Туя бир ёшда бўта, икки ёшда тойлоқ, уч ёшда қуноча, тўрт ёшда дўнача, беш ёшда туя бўлади. Уни боқишу вояга етказишга ҳам тажриба ҳам чидам керак.
Оддий ва самимий туябоқарнинг бу сўзлари кишини ҳайратлантиради. Мен эса шоирнинг қуйидаги сатрларини эсга оламан: “Сен чўллар бағрида жонга оромсан Учқудуқ”
“Қанорбой ота” – ободлик зиёратгоҳи
Қизилқум кенгликлари узоқ тарихга эга. Азалдан чўпон таёғини муқаддас билган ерли аҳоли тариқат пешволари тарбиясига интилган. Улардан маънавий куч олган. Шу боис неча йиллар ўтсада, Қизилқумда абадий қўним топган Қанорбой ота, Ерлар ота, Бедор ота, Қўчқор ота, Мўмин ота, Қилич ота, Мих ота, Қароқ ота, Қарноб ота каби тасаввуф пешволарининг муқаддас қадамжоларидан зиёратчилар узилмайди. Фанлар академияси Навоий вилоят бўлими томонидан чоп этилган “Қанорбой ота” илмий рисоласида тилга олинишича, Айбас ўғли Қанорбой тарихий шахс бўлиб, 1836 йилда ҳозирги Учқудуқ туманидаги “Аю-терен” овулида туғилган. Бухорода мадраса таҳсилини олган, Нақшбандия таълимининг тарғиботчиларидан. Халқ тилида “ғалвирда сув келтирган авлиё” дея тилга олинадиган аллома қадамжоси миллий қадриятларимиз тикланаётган йилларда янада обод қилинди. Ҳозирда бу ерга нафақат мамлакатимиздан, балки қўшни республикалардан ҳам зиёратчилар келиб туришади. Қанорбой ота таваллудининг 160, 170, 2016 йилда эса 180 йиллиги кенг нишонланди. Ҳозирда “Қанорбой ота” жамоат фонди ташкил этилган бўлиб, қадамжони янада ободонлаштириш, бу ерда тарихий музей ташкил этиш, ислом туризмини ривожлантириш ишларига илк қадамлар ташланаяпти.
Қизилқум чиндан-да сирли-синоатли. Бир неча минг йилликлар илгари Тетис денгизи ўрнидаги қум барханлари шамолда кўчиб туради ва такрорланмас геометрик елгилар ясайди. Бу ерларда не-не чавандозлар эса от ўйнатиб ўтмаган дейсиз. Бу азиз тупроқ не-не жангу суронларни кўрмаган. У тўрт фаслда ҳам жилвакор, у мудом ўз бағрига чорлайверди...
Ўлжабой ҚАРШИЕВ