Семинар: Рағбат иқтидорли спортчилар сафини кенгайтиради
Мамлакатимизда спорт инфратузилмасини ривожлантириш қаторида оммавий спорт ҳаракатини, маҳоратли спортчиларни тайёрлаш, саралаш тизимларини янги босқичга олиб чиқиш борасида кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда.
Натижада кейинги йилларда янги Ўзбекистоннинг жисмоний тарбия ва спорт қиёфаси халқаро спорт оламига янада жозибали ва виқорли кўрина бошладики, бу, жойларда меҳнат қилаётган мураббий-мутахассисларнинг билими ва дунёқараши янада юқори бўлишини тақозо этмоқда.
Пойтахтимиздаги “Олимпия шаҳарчаси”да Тошкент шаҳар спорт бошқармаси, унинг тизимидаги спорт мактаблари раҳбарлари, оммавий спортни ривожлантириш ва селекция бўйича фаолият олиб бораётган тренер-селекционерлар, рақамлаштиришга масъул ходимлар иштирокида ўтказилган ўқув-семинарда шу ҳақда сўз борди.

Семинарда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ёшларнинг спорт билан мунтазам шуғулланиши учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш тўғрисида”ги қарорида кўрсатиб ўтилган вазифалар ҳамда жорий этилаётган янги механизмлар юзасидан тақдимот ўтказилди.
Унда ҳудудларнинг ўзига хос хусусиятлари, аҳолининг қизиқишлари, эришилган натижалар ҳамда мавжуд спорт инфратузилмасидан келиб чиқиб, спорт мактаблари ихтисослаштирилаётгани айтиб ўтилди.

Шунингдек, тренер-селекционерга 5 тагача маҳалла ва унинг ҳудудидаги давлат таълим муассасаларини бириктириш, маҳаллаларда спорт тўгаракларини ташкил этган тренерларга ўзи тайёрлаётган спортчиларни “ERP-Sport” ягона электрон бошқарув тизимида рўйхатдан ўтказиш имконияти яратилгани таъкидланди.
Ўзига хос савол-жавоб тарзида кечган семинарда Спорт вазирлиги мутахассислари тренер-селекционерларнинг иш фаолиятини баҳолаш мезонлари ва рағбатлантириш механизмлари юзасидан керакли тушунча ва тавсияларни айтиб ўтишди.
Т.Рўзиев,
ЎзА