Сайр қилмоқчи бўлсангиз, “Сой бўйи” га келинг
Об-ҳавонинг ифлосланиши аҳолини хавотирга солгани бор гап. Бу ҳақдаги ахборот очиқлангач, жойларда ободончиликка, янги боғ ва сайлгоҳлар яратишга эътибор берилди. Шундай ишларнинг бири қадимий, кўҳна Марғилонда амалга ошди. Шаҳар ичи ва атрофидан “Марғилонсой” оқиб ўтар эди. Тўғри, унинг икки четида чойхоналар бисёр. Аммо очиқ, обод сайлгоҳ ташкил қилинмаган эди.
Марғилон шаҳар Ёвқочар маҳалласи ҳудудида жойлашган Сой бўйи кўчаси бугун мутлақо янги, замонавий ва кўркам қиёфага эга масканга айланди.




Кўчага тўлиқ бетон ётқизилиб, кенг кўламли ободонлаштириш ҳамда кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилди. Сой қирғоқлари мустаҳкам темир тўсиқлар билан жиҳозланиб, ҳудудга ўзига хос файз бағишловчи декоратив ёритгичлар ва қулай ўриндиқлар ўрнатилди. Буларнинг барчаси аҳоли учун хавфсиз, қулай ва эстетик муҳит яратишга хизмат қилмоқда. У нуронийлар, маҳалла фаоллари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида тантанали равишда очилди. Тадбирда сўзга чиққанлар амалга оширилган бунёдкорлик ишлари халқ фаровонлиги ва шаҳарнинг янада обод бўлишига хизмат қилишини алоҳида таъкидлашди.




Аҳолининг маданий ҳордиқ чиқариши, тоза ҳавода сайр қилиши ҳамда соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиш мақсадида барпо этилган ушбу кўча бугун юз-кўзида қувонч ва мамнуният акс этган марғилонликлар билан янада файзли тус олмоқда. Бу маскан энди нафақат оддий кўча, балки шаҳар аҳлининг севимли дам олиш, сайр қилиш жойи бўлиб қолади.
Муҳаммаджон Обидов, ЎзА