Саёҳат ва мутолаа
Кўзи ожизлар адабиётни қандай ҳис этади? Улар учун китоб фақат сатрлар эмас, балки бутун бир олам. Адиблар хиёбонига уюштирилган ташриф ушбу олам эшикларини очди.
Адабиётга муҳаббат — адиблар ҳаёти ва ижодини ўрганиш, уларнинг асарларидаги маъно ва туйғуларни англашдан бошланади. Шундай китобхонлар борки, улар нафақат ўқишади, балки образларнинг аниқ овозини эшитишади ҳам. Китоб улар учун шунчаки мутолаа манбаи эмас, у ҳақиқий зиё. Кўнгилларини ва йўлларини ёритгувчи чироқ. Уларнинг кўзи кўрмаса-да, бутун вужуди кўзга, қулоққа айланган. Жалолиддин румий айтганидек:
Кўзни юмгил, кўзга айлансин кўнгил…
Бу мисралар айнан уларнинг рамзий ифодасидир.

Ана шундай кўзи ожиз китобхонлар учун Республика марказий кўзи ожизлар махсус кутубхонаси ҳамда Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти Яккасарой тумани бўлими ҳамкорлигида Адиблар хиёбонига маърифий экскурсия ташкил этилди.
Ташрифдан кўзланган мақсад китобхонларнинг маънавий-маърифий билимларини бойитиш, ўзбек адабиётининг буюк намояндаси Абдулла Қодирий ҳаёти ва ижодини кенг тарғиб қилишдан иборат.
Экскурсия давомида иштирокчиларга адибнинг ҳаёт йўли, ижодий фаолияти ҳамда ўзбек романчилиги ривожига қўшган улкан ҳиссаси ҳақида маълумот берилди. Адиблар хиёбонидаги адабий муҳит эса суҳбатларга ўзгача руҳ бағишлади.
Ташриф якунида китобхонлар ўз таассуротлари билан ўртоқлашдилар. Уларга Абдулла Қодирий асарларини янада кўпроқ мутолаа қилиш, адиб яратган образлар ва уларда мужассам ҳаётий сабоқлар билан яқиндан танишиш тавсия этилди.
Таъкидлаш керакки, бундай ташаббуслар кўзи ожиз китобхонларнинг жисмоний ва руҳий ҳолатини янада барқарорлаштиради. Негаки, саёҳат ва мутолаа уйғунлиги улар учун энг муҳим омил.
Шербек Исломов, ЎзА