Саноат ярмаркаси иш бошлади
Гулистон шаҳридаги Тадбиркорлар ва ҳунармандлар марказида ҳудудий тармоқлараро саноат ярмаркаси ва Республика заргарлик саноати кўргазмаси иш бошлади.
Тадбирнинг очилишида сўзга чиққан вилоят ҳокими Акмалжон Маҳмудалиев ҳар бир вилоятда саноат ярмаркаларининг ўтказилиши катта аҳамиятга эга эканлиги, ишлаб чиқарувчиларни бир-бирига боғловчи катта майдон вазифасини ўтаётганини таъкидлади.
Қатнашчилар вилоятлардан ташриф буюрган 200 га яқин етакчи саноат корхонаси, ҳунарманд ва тадбиркорларнинг импорт ўрнини босувчи 750 турдаги маҳсулотлари, саноат кооперацияси орқали маҳаллийлаштиришга таклиф қилинаётган турли жиҳоз ва ускуналар намуналари ҳамда истиқболли лойиҳалар кўргазмаси билан яқиндан танишди.
[gallery-14386]
Икки кун давом этадиган ярмаркада электротехника, кимё саноати, чарм-пойабзал, энергетика ва қурилиш материаллари соҳасида маҳаллийлаштириш даражасини ошириш орқали ички ва ташқи бозорда рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш бўйича амалга оширилаётган ишлар, янги лойиҳалар, заргарлик ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш истиқболларига бағишланган тақдимотлар, “В2В” учрашувлари ўтказилиши режалаштирилган.
Шунингдек, саноат корхоналари, кичик бизнес субъектлари маҳаллий маҳсулотларни харид қилиш ҳамда бутловчи қисмлар, материаллар ва хомашёларни етказиб бериш бўйича шартномалар тузиш имкониятига эга бўлади.
Ш.Суяров, Ш.Ортиқбоев, ЎзА мухбирлари