Санъаткорларни солиққа тортиш мажбуриятми ёки имтиёз?
Шу кунларда, санъаткорларнинг даромадларини декларация қилиш, ижтимоий солиқ тўловлари ва муаллифлик ҳуқуқидан келадиган тушумлар масаласи кўплаб баҳсларга сабаб бўлмоқда.
Тошкент давлат юридик университети Ҳуқуқни соҳалараро ўрганиш факультети Тадқиқот маркази илмий ходими Низомиддин Козимов санъаткорлар учун жорий этилган солиқ механизмлари ва бу борадаги халқаро стандартлар ҳақида ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
— Аввало, бугунги кунда Ўзбекистонда санъаткорлар қайси тартибда солиқ тўлайди?
— Ўзбекистон қонунчилигига кўра, санъаткорлар асосан ўзини ўзи банд қилган шахслар сифатида рўйхатдан ўтишлари мумкин. Бу тизим ижодкорлар учун жуда қулай. Улар жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан 12 фоиз озод қилинган. Фақатгина бир йиллик иш стажига эга бўлиш учун ихтиёрий равишда базавий ҳисоблаш миқдорининг (БҲМ) бир баравари миқдорида ижтимоий солиқ тўлайди.
Бироқ агар санъаткорнинг йиллик даромади 100 миллион сўмдан ошса, у якка тартибдаги тадбиркор (ЯТТ) сифатида рўйхатдан ўтиши ва айланмадан олинадиган солиқ тўлаши талаб этилади.
– Халқаро амалиётда, масалан, АҚШ ёки Европада санъаткорлар солиғи қандай ишлайди?
– Ғарб давлатларида тизим бироз мураккаброқ, лекин адолатли тамойилларга асосланган. АҚШда санъаткорлар мустақил пудратчи ҳисобланади. Уларнинг солиғи соф фойдадан олинади. Масалан, хонанда концертдан тушган тушумдан ўзининг либослари, транспорти, реклама ва жамоаси учун сарфлаган харажатларини чегириб ташлайди ва қолган қисмидан солиқ тўлайди. Бизда ҳам аста-секин мана шундай харажатларни чегириш тизимига ўтиш эҳтиёжи сезилмоқда.
Харажатларни чегириш, яъни санъаткор ўзининг профессионал фаолияти билан бевосита боғлиқ бўлган харажатларни даромадидан айириб ташлаш ҳуқуқига эга.
Бунга қуйидагилар киради. Жумладан, техник харажатлар: студия ижараси, чолғу асбоблари, овоз ёзиш хизмати.
Логистика ва маркетинг: транспорт, меҳмонхона, реклама ва ПР кампаниялари.
Жамоа таъминоти: продюсер, администратор, визажист ва раққосалар учун тўланган гонорарлар.
Имиж харажатлари: саҳна либослари ва гримм (фақат саҳна учун мўлжалланган бўлса).
— Кўпчиликни қизиқтирган масала, тўй ва маросимлардаги даромадлар қандай назорат қилинади?
— Бу энг оғриқли нуқталардан бири. Ҳозирда бу асосан "ишонч" ва "лицензия" тизими орқали тартибга солинади. "Ўзбекконцерт" давлат муассасаси томонидан бериладиган рейтинг гуруҳлари ва лицензия тўловлари амалда солиқнинг бир тури вазифасини ўтайди. Лекин келажакда рақамлаштириш орқали, яъни шартномалар ва банк ўтказмалари тизимини ривожлантириш орқали бу жараённи янада шаффоф қилиш кўзда тутилган.
— Санъаткорлар учун солиқ тизимини такомиллаштириш бўйича қандай таклифларингиз бор?
— Биринчидан, "Ижодий харажатлар" тушунчасини қонунчиликка киритиш керак. Санъаткор ўз ижоди учун сарфлайдиган маблағлари (клип суратга олиш, аранжировка) солиқ солинадиган базадан чиқарилиши лозим.
Иккинчидан, муаллифлик ҳуқуқи (роялти) тушумларини алоҳида, имтиёзли тартибда солиққа тортиш тизимини жорий этиш керак. Бу ижодкорларни кўпроқ сифатли маҳсулот яратишга рағбатлантиради.
Санъаткорлар учун солиқ фақат давлат бюджетини тўлдириш воситаси эмас, балки уларнинг ижтимоий ҳимоясини (пенсия, суғурта) таъминлаш механизми бўлиши лозим. Халқаро тажрибани миллий менталитетимизга мослаштириш орқали адолатли ва шаффоф тизим яратиш мумкин.
Гулноза Бобоева,
ЎзА