French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Санъатилла Ғуломназаров: “Президент олимпиадаси” чемпионларнинг янги авлодини камолга етказади”

Юртимизда истеъдодли спортчи ёшларни янги ғалабалар сари илҳомлантиришда уч босқичдан иборат “Янги Ўзбекистон Олимпия чўққилари” спорт мусобақалари ҳамда унинг финал босқичи саналган “Президент олимпиадаси” комплекс спорт мусобақалари муҳим ўрин тутади.

Ўтган йили йўлга қўйилган ушбу спорт тизими ўзбек спортининг янги тараққиёт босқичини белгилаб беришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Хўш, бу йилги “Янги Ўзбекистон Олимпия чўққилари” спорт мусобақалари ҳамда унинг финал босқичи саналган “Президент олимпиадаси” мусобақалари қай тартибда ташкил этилади? Спорт турлари географияси, спортчиларнинг ёш тоифалари, мусобақаларнинг биринчи, иккинчи ва финал босқичлари қайси муддатларда ўтказилиши кутилмоқда?

Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлиги бўлим бошлиғи Санъатилла Ғуломназаров билан суҳбатимиз шу ҳақда бўлди.

– Юртимизда профессионал спортчиларнинг маҳоратини ошириб бориш, уларни нуфузли мусобақаларга ёшлигидан тайёрлаш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда, – деди Санъатилла Ғуломназаров. – Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан “Янги Ўзбекистон олимпия чўққилари” ва “Президент олимпиадаси” спорт мусобақалари ташкил этилаётгани бу йўналишдаги саъй-ҳаракатларга янгича мазмун ва руҳий қувват бағишлади. Ҳозирда Спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси, жойлардаги ҳокимликлар, дахлдор вазирлик ва идоралар билан ҳамжиҳатликда 2026 йилги “Янги Ўзбекистон олимпия чўққилари” ва “Президент Олимпиадаси” мусобақаларини ўтказиш борасида кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда. Режага кўра, бу йилги мусобақаларга март ойининг сўнгги кунларида старт берилиши режалаштирилган.

– Бу йил “Янги Ўзбекистон олимпия чўққилари” қанча спорт турини қамраб олади, ёш тоифалари қандай кўринишда бўлади?

– “Янги Ўзбекистон олимпия чўққилари” ва “Президент Олимпиадаси” спорт мусобақаларининг 2026 йилги мавсуми 13-14 ёшли спортчилар (бадиий гимнастика бўйича 11-12 ёшли) ўртасида 21 та олимпия спорт турлари 205 та дастур бўйича ташкил этилиши бўйича дастур ишлаб чиқилди.

– Учта босқич мусобақалари қандай тартибда ва қайси муддатларда ўтказилади?

– Биринчи босқич жорий йилнинг март-апрель ойларида “Туман ва шаҳар ҳокими олимпиадаси” сифатида, иккинчи босқич май-июнь ойларида “Ҳоким олимпиадаси” кўринишида, учинчи босқич “Президент олимпиадаси” ҳолатида байрамона даражада ўтказилиши белгиланган.  

– Бу йилги мусобақалар қайси жиҳатлари билан ажралиб туради?

– Бу йилги мусобақаларда ўтган йилгига қараганда иштирокчилар қамрови янада кенгаяди. Шу билан бирга мураббий-мутахассисларнинг иш тизими, машғулот жараёнларини мониторинг қилишга, илғор тажрибаларни кенг ёйишга эътибор қаратилади. Яна бир масала хусусида айтишим керакки, мамлакатимиз шарафини халқаро спорт майдонларида муносиб ҳимоя қиладиган истеъдодли спортчиларни тайёрлаш майдони ҳисобланган “Янги Ўзбекистон Олимпия чўққилари” мусобақаларида қатнашадиган ёш спортчилар электрон платформа орқали рўйхатдан ўтказилади.  

– Спортчи ёшлар электрон платформадан қачондан бошлаб рўйхатдан ўтиши мумкин?

– Куни кеча Спорт вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган erp.sport.uz платформасидан иштирокчиларнинг якка тартибда, шунингдек жамоавий тарзда рўйхатдан ўтишига старт берилди. Мазкур саъй-ҳаракат мамлакатимизда спорт билан профессионал шуғулланувчилар сони ва сифатини, улар таълим олаётган мактаблар, тўгараклар ҳолатини, малакали мураббийлар ҳақида аниқ тасаввур ҳосил қилишга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Ишонамизки, “Президент олимпиадаси” комплекс спорт мусобақалари янги Ўзбекистоннинг профессионал спортдаги янги ғалабаларини таъминлашда ёшларимиз учун маҳорат майдони бўлиб хизмат қилади.

– Тақдим этилган маълумот ва янгиликлар учун ташаккур!

Тўлқин Рўзиев суҳбатлашди,

ЎзА