Самарқандда триатлон баҳслари бошланди
Самарқандда триатлон бўйича “Challenge Samarkand” халқаро мусобақаси ўтказилмоқда. Ўзбекистон триатлон федерацияси томонидан Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, Миллий Олимпия қўмитаси, Самарқанд вилояти ҳокимлиги ва бошқа ҳамкор ташкилотлар кўмагида икки йилдан буён анъанавий тарзда ташкил этилаётган мазкур беллашувларда дунёнинг кўплаб мамлакатларидан маҳоратли спортчилар иштирок этмоқда.
Бугун дастлаб триатлон бўйича мамлакат чемпионати ўтказилди. Унда бир неча ёш тоифасида эркаклар ва аёллар қисқа, ўрта ва узоқ масофада ўзаро беллашди. Самарқанд эшкак эшиш канали ҳудудида ўтказилган мусобақада Александр Куришов, Арслон Турсунов, Егор Егоров, Алина Ҳакимова, Ирина Жалгудина, Дилнора Холниёзова ғолибликни қўлга киритди.
[gallery-13609]
Ғолиб ва совриндорларни Ўзбекистон Триатлон федерацияси раҳбари В.Маҳмудов ва бошқа масъуллар табриклади. Эртага мусобақанинг асосий тадбирлари ўтказилади ва унда дунёнинг 35 давлатидан икки минг нафарга яқин спортчи иштирок этиши кутилмоқда. Халқаро турнир ташкилотчиларининг қайд этишича, ушбу нуфузли тадбир мамлакатимизга жаҳон триатлон рейтингида қўшимча балл олиб келишга имкон беради. Таъкидлаш лозимки, Самарқанд халқаро туристик марказидаги эшкак эшиш каналида яратилган шарт-шароит ва қулайликлар келгусида бу ерда янада нуфузли мусобақалар, Жаҳон чемпионатлари ва кубоги беллашувчиларини ўтказиш имкониятини беради.
Ғ.ҲАСАНОВ,
А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА мухбирлари