Самарқандда 900 нафарга яқин бемор бепул даволанди
Самарқандда аҳолига кафолатланган ва сифатли тиббий хизмат кўрсатиш мақсадида жорий этилаётган давлат тиббий суғуртаси тизимининг афзалликлари ва бу борада олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот бериш мақсадида пресс-тур ташкил этилди.
Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси томонидан ташкил этилган тадбир иштирокчилари Самарқанд вилоятидаги тиббиёт муассасаларида бўлиб, мазкур тизим асосида аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш жараёнлари билан яқиндан танишди.
– Тиббий хизматларни молиялаштиришнинг янги тизими жорий қилиниб, имтиёзли тоифадаги шахслар тиббиёт муассасаларида бепул даволанмоқда, юқори технологик операциялар ўтказилмоқда, – дейди давлат тиббий суғуртаси жамғармаси ахборот хизмати раҳбари Сайёра Шоева. – Жумладан, 2025 йилда жамғарма томонидан юртимиздаги 155 та тиббиёт муассасасида электрон йўлланма асосида даволанган 101 минг нафардан зиёд шахсларга кўрсатилган тиббий хизматлар учун тўловлар амалга оширилди. Ана шу 101 минг нафар беморнинг қарийб 8 минг нафари Самарқанд вилоятига тўғри келади. Яъни, ўтган йил 7 минг 600 нафардан кўпроқ бемор давлат тиббиёт муассасаларида, қарийб 200 нафари хусусий клиникаларда даволанди. Амалга оширилган юқори технологик жарроҳлик амалиётлари учун жамғармамиз 127 миллиард сўм маблағни қоплаб берди. Жорий йилнинг 1 март ҳолатига кўра, вилоятда имтиёзли йўлланма асосида даволанган 875 нафар бемор учун 11 миллиард сўм тўланди.
Шунингдек, янги тизимда реимбурсация дастури асосида 12 та касаллик гуруҳи, жумладан, артериал гипертония, юрак ишемик касаллиги, қандли диабетнинг 2-тури, бронхиал астма ва бошқа касалликлар қамраб олинган бўлиб, бу тоифадаги беморларга 28 турдаги дори воситалари амбулатор шароитда бепул берилмоқда. 2025 йилда ушбу дастур доирасида 1 миллион 314 минг нафар бемор дори воситалари билан таъминланди ва бунинг учун 90,9 миллиард сўм маблағ дорихоналарга қоплаб берилди.
Пресс-тур иштирокчилари Самарқанд вилояти кўп тармоқли тиббиёт маркази ҳамда республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази вилоят филиалида давлат тиббий суғуртаси тизими асосида олиб борилаётган ишлар билан танишди.
– Шифохонамизда ўтган йил давлат тиббий суғуртаси маблағлари ҳисобидан 1600 дан ортиқ бемор даволанди ва уларнинг аксариятида юқори технологик жарроҳлик амалиётлари бажарилди, – дейди республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази бўлим бошлиғи Бекзод Қурбонов. – Бу йил бошидан буён эса юрагида нуқсон бўлган 400 нафардан ортиқ бемор жамғарма маблағлари асосида операция қилиниб, саломатлигини тиклади. Янги тизим йиллар давомида хасталикдан қийналиб, моддий имконияти йўқлиги сабабли даволана олмаётган кишилар учун жуда қулай бўлди. Улар ўзлари яшаб турган жойдаги бирламчи тиббий муассасалар йўлланмаси асосида вилоят ёки республика даражасидаги шифохоналарда даволанмоқда ва бунинг учун кетадиган сарф-харажатлар давлат тиббий суғуртаси жамғармасидан тўлаб берилмоқда.
– Бундан тўрт йил олдин микроинфаркт ўтказганман, лекин буни ўзим билмаганман, – дейди Нуробод туманида яшовчи Баҳром Бобоқулов. – Кейинчалик бу ҳақда айтишди ва юрагимнинг битта клапани ишламаётгани сабабли операция қилиш кераклигини билдиришганди. Сўраб-суриштирсам, бунинг учун 100 миллион сўм атрофида маблағ зарур экан. Бунга имкониятим бўлмагани учун ҳатто мол-ҳол, машинамизни ҳам сотишга тайёр эдик. Кейин давлат тиббий суғуртаси ҳақида эшитиб, оилавий врачимиз тавсияси билан йўлланма олиб, вилоят кардиология шифохонасига келдим. Ҳозир текширувлардан ўтяпман, бир-икки кунда операция қилишади. Бу оиламиз учун жуда катта моддий кўмак бўлди, давлатимизга раҳмат.
Пресс-тур давомида давлат тиббий суғуртаси жамғармаси масъуллари янги тизимни йўлга қўйишда юзага келаётган айрим камчиликлар, хусусан, аҳоли хабардорлигини ошириш борасида тарғибот ишларини олиб бориш зарурлигини таъкидлади, журналистларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоб қайтарди.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат),
ЎзА мухбирлари