Самарқанд ва Бошқирдистон ҳамкорлиги ривожланади
Самарқанд вилояти ҳокимлигида Россия Федерациясининг Бошқирдистон республикаси раҳбари Радий Хабиров бошчилигидаги делегация билан учрашув ўтказилди.
Вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов Самарқанд ва Бошқирдистон ўртасида азалий дўстлик алоқалари мавжудлигини қайд этиб, кейинги йилларда савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ҳамкорлик изчил ривожланиб бораётганини таъкидлади. Ҳудудларнинг фаол иқтисодий алоқалари туфайли Самарқанд вилояти ва Россия Федерацияси минтақалари ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми ўтган йил 393 миллион доллардан ошди. Жумладан, Бошқирдистон республикаси билан 4,5 миллион долларлик экспорт-импорт операциялари амалга оширилди.

– Айни пайтда Бошқирдистон билан қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик саноати, илм-фан, туризм ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни янада ривожлантириш учун улкан имконият мавжуд, – деди Э.Турдимов. – Бундан тадбиркорларимиз самарали фойдаланишлари, биз эса уларни қўллаб-қувватлашимиз лозим. Шу мақсадда бошқирдистонлик ишбилармонларни Самарқандга таклиф қиламиз, ҳамкорликда бизнес-форумлар ўтказишимиз лозим.
Радий Хабиров вилоят ҳокимининг бу таклифини маъқуллаб, Ўзбекистон Республикаси Россия Федерациясининг асосий савдо-иқтисодий ҳамкорларидан бири эканлигини таъкидлади. Кейинги пайтда икки мамлакат минтақалари ўртасида ривожланиб бораётган кўп қиррали алоқаларни янада кенгайтириш мумкинлигини қайд этди.

– Биз Самарқанддан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари харид қилишга катта қизиқиш билан қараймиз, – деди Р.Хабиров. – Ўз навбатида биз ҳам қуруқ сут, кунгабоқар ёғи ва бошқа маҳсулотларни, шунингдек, қишлоқ хўжалик техникалари ва замонавий технологияларини етказиб беришга, илмий ишланмалар бўйича ҳамкорлик қилишга тайёрмиз. Самарқандда бугун саноат ҳам анча ривожланган, бу борада ҳам биргаликда ишлаш икки томон учун ҳам манфаатли бўлади.
Учрашувда ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш мақсадида Бошқирдистон ва Самарқанд вакилларидан иборат доимий ишчи гуруҳ тузишга қарор қилинди. Самарқандга ташриф давомида меҳмонлар вилоятдаги саноат корхоналари фаолияти билан ҳам танишди.
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА