Самарқанд экологиясига оид хабарлар
Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раисининг тегишли буйруғи билан Қурбонов Адҳам Бахронович Самарқанд вилояти экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланди.
1982 йилда туғилган Адҳам Қурбонов меҳнат фаолиятини Тошкент вилояти табиатни муҳофаза қилиш бошқармасида бошлаган. Тайинловга қадар Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитасида ишлаб келаётган эди.
***
Каттақўрғон туман Ёнбошсой маҳалласида яшовчи фуқаро Й.Ғ. ушбу ҳудудда ўсиб турган 1 туп тол ва 4 туп терак дарахтларини ноқонуний кесиб олгани аниқланди. Натижада туман экология ва иқлим ўзгариши бўлими давлат инспекторлари томонидан унга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 баробари (10 миллион 300 минг сўм) миқдорида жарима ва ўсимлик дунёсига етказилган зарар учун 17 миллион 304 минг сўм жарима қўлланилди.

***
Пахтачи тумани экология ва иқлим ўзгариши бўлими ходимлари томонидан ўтказилган кузатув рейд тадбири чоғида туманнинг Шамси Назаров маҳалласида истиқомат қилувчи Ш.И. ўзига тегишли бўлган “Исузи” русумли юк машинасида ўз хонадонида ҳосил бўлган ҳар хил турдаги маиший чиқиндиларни Мирзо Улуғбек номли маҳалла ҳудудида, белгиланмаган жойга ташлаётгани қайд этилди. Давлат инспекторлари томонидан тегишли баённомалар расмийлаштирилиб, Ш.И.га базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари (1 миллион 236 минг сўм) жарима тайинланди.

Ғ.Ҳасанов, ЎзА