Саломатликка оид оддий, аммо муҳим қоидалар...
Саломатлигимиз учун оддий, аммо жуда муҳим бўлган қоидалар борки, уларга амал қилиш муҳим аҳамият касб этади.
Санитария-эпидемиология осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати фуқаролар грипп ва ўткир респиратор касалликларида гумон қилинса, дарҳол шифокорга мурожаат қилишни ва агарда бемор иситмаласа, ётиши, шифокорни уйига чақириши лозимлигини эслатиб ўтмоқда.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, касалликни оёқда ўтказмаслик, шифокор маслаҳати ва тавсиялари асосида иш тутиш, агар бемор уй шароитида даволанса, унга алоҳида хона, идиш, сочиқ, ўрин-кўрпа ажратилиб, кам ҳаракат қилиши керак. Беморга қараётганлар бурун ва оғзини респиратор ёки докали ниқоб билан тўсиши, қўлларини тез-тез совунлаб ювиб туриши, бемор ётган хонани шамоллатиб, намли тозалов ишларини амалга ошириши даркор.
Беморга кўпроқ суюқлик – қуруқ мевалар қайнатмаси, мева шарбатларини ичириш ҳамда осон ҳазм бўладиган оқсил ва витаминларга бой таомларни истеъмол қилдириш тавсия этилади. Шунингдек, фуқаронинг касалланган даврда жамоат жойларига (ишхона, ўқиш, кинотеатрлар, концерт заллари, йиғилишлар, меҳмонга) бормаслиги, йўталганда ва аксирганда оғиз-бурунни рўмолча билан ёпиши тавсия этилади.
ЎзА