Руминия турнирининг охирги тур ўйинлари биз истаганимиздек интиҳо топармикан?
Бугун, 23 май куни Руминия пойтахти Бухарест шаҳрида ўтаётган “Superbet Chess Classic Romania 2026" халқаро турнирининг сўнгги 9-тур баҳсида Жавоҳир Синдоров оқ доналарда АҚШ вакили Уэсли Со билан куч синашади.
Дунёнинг 10 нафар энг маҳоратли гроссмейстери иштирокида ўтаётган турнирнинг кеча ўтказилган 8-турида Ж.Синдоров қора доналарда Жорден ван Форест билан рўбарў келди.

Мукофот жамғармаси 475 минг АҚШ долларидан иборат турнирнинг ушбу баҳсида Жаҳон шахмат тожига даъвогар саналган ҳамюртимиз Жавоҳир Синдоров 53-юриш ҳолатида рақибини мағлуб этди.
Ушбу ютуқдан кейин Синдоров Уэсли Со ва Жорден ван Форест сингари 4,5 очко билан 3-5-ўринларда ҳаракатланмоқда.
Кеча ўтказилган 8-тур ўйинларида руминиялик Богдан-Даниэль Дик оқ доналарда нидерландиялик Аниш Гирини мағлуб этган бўлса, америкалик Фабиано Каруана ва германиялик Винсент Каймер, ҳиндистонлик Рамешбабу Праггнанандха ва Франциялик Максим Вашье-Лаграв ўртасидаги баҳсларда дуранг қайд этилди. Уэсли Со мусобақани эрта тарк этган франциялик Алиреза Фирузжанинг техник мағлубияти ҳисобига 1 очко олишга муваффақ бўлди.
9-тур ўйинлари остонасида Фабиано Каруана ҳамда Винсент Каймер 5 очко билан пешқадамлик қилмоқда.

Бугунги сўнгги тур баҳсларида Фабиано Каруана қора доналарда Максим Вашье-Лаграв билан, Винсент Каймер оқ доналарда Жорден ван Форест билан баҳс олиб боради. Шунингдек, Аниш Гири-Рамешбабу Праггнанандха билан рўбарў келса, Алиреза Фирузжанинг турнирни тарк этгани ҳисобига Богдан-Даниэль Дикка техник ютуқ тақдим этилади.
Кўриниб турибдики, Синдоровнинг турнир ғолибига айланиши анча мураккаб ҳолат. Бу вазият юзага келиши учун Максим Вашье-Лаграв Каруанани мағлуб этиши, Каймер-ван Форест “дуэли”да тенглик қайд этилиши асносида Жавоҳир Сони мағлубиятга учратиши талаб қилинади. Хўш, турнирнинг охирги кунги мусобақалари биз истаганимиздек интиҳо топармикан?

Эслатиб ўтамиз, турнирда ғолибликка эришган шахматчи 100 минг, 2-ўрин соҳиби 65 минг, 3-ўрин 50 минг, 4-ўрин 35 минг, 5-ўрин 25 минг, 6-ўрин 20 минг, 7-ўрин 18 минг, 8-ўрин 15 минг, 9-ўрин 12 минг ва охирги 10-ўриндан жой олган иштирокчи 10 минг АҚШ доллари билан тақдирланади.
Т.Рўзиев, ЎзА