Россия – Украина низоси: Дронлар уруши янги босқичга чиқди
Ўтган ҳафта Россия – Украина урушида асосий эътибор ҳаво ҳужуми, дрондан фойдаланиш кўлами кенгайиши ва ҳар икки томон ҳарбий стратегиясидаги ўзгаришга қаратилди.
Россия Украина шаҳарлари ва инфратузилмасига зарба беришда давом этган бўлса, Киев РФ ҳудудидаги нефть саноати мажмуаларига дрон ҳужумини амалга оширди. Шунингдек, Москва дрон қўшинини алоҳида ҳарбий тузилма сифатида шакллантиришга киришди. Ғарбда эса Украинага қурол етказиб бериш имконияти яна муҳокама марказига чиқди.
Ҳаво ҳужуми кучаймоқда
Ҳафта давомида Россия Украина шаҳарларига ракета, бошқариладиган авиация бомбаси ва дрон орқали ҳужумни давом эттирди. Натижада Запорожье вилоятида қурбонлар, ярадорлар қайд этилган. Киев расмийлари сўнгги ойларда фронтга яқин ҳудудларда FPV-дрондан фуқароларга қарши ҳам фойдаланилаётганини билдириб, бу тактикани аҳоли орасида қўрқув уйғотишга қаратилган ҳаракат сифатида баҳолади.
Россия Мудофаа вазирлиги эса зарбалар Украина армияси, ҳарбий саноат ва логистика объектларига қаратилганини таъкидлаб, тинч аҳоли атайлаб нишонга олинаётгани ҳақидаги иддаоларни рад этиб келмоқда. Расмийларга кўра, юқори аниқликдаги қуролдан фақат ҳарбий мақсадда фойдаланиляпти.
Шу тариқа, икки томон бир ҳодисага турлича баҳо беряпти: Зарбаларни Киев фуқаролик инфратузилмасига қарши босим сифатида кўрсатса, Москва ҳарбий амалиёт дея изоҳлаяпти.
Украина Россия нефть инфратузилмасига босимни кучайтирди
Ҳафтанинг яна бир муҳим воқеаси Украина дронлари Ярославль вилоятидаги нефтни қайта ишлаш заводига берган зарбаси бўлди.
Президент Владимир Зеленский икки йирик НҚИЗ нишонга олинганини тасдиқлаб, бу русларнинг ҳарбий иқтисодий салоҳиятини чеклашга қаратилганини билдирди.
Губернатор Михаил Евраев ҳаво мудофааси 90 дан зиёд дронни йўқ қилгани, ёнғин эса дрон бўлаклари тушиши оқибатида келиб чиққанини маълум қилди. Унинг айтишича, олов қисқа вақт ичида ўчирилган, қурбонлар йўқ.
Бу ҳужум Украина сўнгги ойларда қўллаётган стратегиянинг давоми бўлиб, фронтдан юзлаб километр узоқдаги нефть саноати ва логистика объектларини нишонга олиш орқали Россиянинг ёнилғи таъминоти ва ҳарбий ишлаб чиқаришига босим ўтказиш мақсадини кўзлаган.
Москва дрон қўшинини шакллантирмоқда
Шу ҳафтадаги энг муҳим воқеалардан бири Президент Владимир Путиннинг мамлакат Қуролли кучлари таркибида янги дрон қўшинини ташкил этиш ҳақидаги қароридир.
Кремль дрон уруши замонавий жанговар ҳаракатнинг асосий йўналишига айланганини ҳисобга олган ҳолда, янги қўшин турига раҳбар тайинлади.
Мазкур қарор Москва энди дронни алоҳида жанговар тизим сифатида кўраётганини англатади. Илгари дрон турли қўшин турлари таркибида қўлланган. Энди эса учувчисиз учоқлар учун мустақил бошқарув тизими шакллантирилмоқда.
Ҳарбий таҳлилчилар фикрича, бу нафақат Украина уруши тажрибаси, балки келгуси ҳарбий ислоҳотнинг ҳам муҳим қисмидир.
Ғарбда яна ҳарбий ёрдам масаласи муҳокама қилиняпти
Уруш шароитида Ғарб давлатларида ҳам Украинага ҳарбий ёрдам масаласи муҳокама қилинмоқда. АҚШ Президенти Дональд Трамп мамлакатнинг ўзига ҳам ракета захираси кераклигини таъкидлаб, Украинага айрим турдаги ўқ-дориларни етказиб бериш масаласида эҳтиёткор ёндашув билдирди. Демак, Вашингтонда ҳарбий ресурсни тақсимлаш бўйича баҳс давом этмоқда.
Киев эса ҳаво мудофааси тизими ва ракета захираси ҳамон устувор эҳтиёж бўлиб қолаётганини таъкидлаяпти.
Экспертлар нима дейди?
Ҳарбий таҳлилчилар сўнгги воқеалар низо янги босқичга кўчаётганини кўрсатади, дея таъкидламоқда. 2022-2023 йиллари асосий эътибор қуруқликдаги фронтга қаратилган бўлса, ҳозир рақобат тобора ҳаво ҳужуми, дрон технологияси ва рақиб иқтисодий инфратузилмасига босим ўтказиш билан кечмоқда.
Ҳозирча фронт чизиғида ҳал қилувчи ўзгариш кузатилмаяпти. Россия ҳудудий босимни сақлаб қолиш тарафдори. Украина эса узоқ масофали аниқ зарба орқали Москва учун урушнинг иқтисодий ва ҳарбий қийматини оширишга интиляпти. Москвада дрон қўшини ташкил этилиши ҳар икки томон учун энди ҳаво технологияси устунлиги асосий йўналишга айланаётганини кўрсатади.
Дилшод Ҳакимов, ЎзА