Рецессия Евроҳудуд иттифоқига таҳдид солмоқда
Биз доим огоҳлантириб келган нарса ўз тасдиғини топмоқда: COVID-19 туфайли юзага келган рецессия Евроҳудуд бирлигига таҳдид солмоқда", - деди у.
Евроҳудудда COVID-19 туфайли юз бераётган рецессия янада чуқурлашади ва Европа ҳамжамиятининг валюта иттифоқини парчалаб ташлаши мумкин, деди иқтисодиёт бўйича Еврокомиссар Паоло Жентилони Welt нашрига берган интервьюсида.
"Охирги иқтисодий маълумотлар огоҳлантиришга хизмат қилади: ретсессия кутилгандан ҳам чуқурроқ, Евроҳудуддаги мамлакатларнинг иқтисодий ривожланиши баҳорда айтилганидек, бир зайл кечмаяпти. Италия, Франция ва Испания иқтисодиёти 10-11 фоизга пасаяди. Бу жуда ҳам кўп. Дания, Полша, Швеция ёки Германия иқтисодиёти эса ҳозирча инқирозга қарши бошқалардан кўра тузукроқ туриб бермоқда. Бу мамлакатларда пасайиш тахминан 4-6 фоиз бўлади. Биз доим огоҳлантириб келган нарса ўз тасдиғини топмоқда: COVID-19 туфайли юзага келган ретсессия Евроҳудуд бирлигига таҳдид солмоқда", - деди у.
Жентилонининг таъкидлашича, Европа Иттифоқига аъзо мамлакатлар иқтисодиётни ўнглаш учун имкон қадар тезроқ келишиб олиши лозим. «Агар аъзо мамлакатлар иқтисодиётни тиклашнинг кучли режасини ишлаб чиқса, бу миллий иқтисодиётга бўлган ишончни мустаҳкамлайди ва ушбу ишончнинг ўзи Европа Иттифоқи иқтисодиётининг янада тезроқ тикланишига имкон беради», - қўшимча қилди у.
Бундан аввалроқ Еврокомиссия Европа Иттифоқининг коронавирус келтирган чуқур инқироздан чиқиб кетиши учун фонд ташкил этиш таклифини илгари сурган эди. Фонд миқдори 750 миллиард евро бўлиши айтилган. Ушбу маблағлар молия бозорларидан қарзга олиниб, иттифоққа аъзо мамлакатларга грант (500 миллиард еврогача) ёки кредит тарзда (250 миллиард еврогача) бериш режаси илгари сурилганди. Мазкур Фонд турли қўллаб-қувватлаш механизмларидан иборат бўлиб, у вақтинча фаолият кўрсатади. Тахмин қилинишича, Фонд иқтисодиётни 2024 йилнинг охиригача қўллаб-қувватлайди.
Еврокомиссиянинг ушбу таклифини Европа Иттифоқига аъзо мамлакатлар навбат билан тасдиқлаб чиқиши керак, шунингдек, унга ўзгартиришлар киритиши ҳам мумкин. Бироқ таклиф ҳали тақдим этилмай туриб, бир қатор мамлакатлар фонд параметрлари бўйича келиша олмаяпти.