Республика болалар ижтимоий мослашуви марказида байрам шукуҳи
Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгаши ҳамда қатор ташкилотлар ҳамкорлигида Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан Республика болалар ижтимоий мослашуви марказида "Ёшлик баҳори" иқтидорли ёшлар форуми доирасида "Болалар бизнинг шодлигимиз" инклюзив фестивали ташкил этилди.
Республика болалар ижтимоий мослашуви маркази ҳовлисида турли ижтимоий тоифадаги болалар, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандлари, давлат муассасалари тарбияланувчилари жам бўлди. Улар учун яратилган муҳит, ташкил қилинган турли чиқишлар болаларга нисбатан меҳр ва ғамхўрликнинг ёрқин ифодасига айланди, уларга чексиз қувонч улашди.

Жумладан, тадбирда Ички ишлар вазирлиги қошидаги ҳарбий оркестрнинг жонли ижроси, марш ва куйлар болалар қалбида фахр ва ҳайрат уйғотди. Карим Зарипов номидаги цирк коллежи талабаларининг чиқишлари эса фестивалга ҳаёт ва ҳаракат олиб кирди. Акробатик саҳналар, ҳазиломуз чиқишлар ва ранг-баранг образлар болаларга завқ улашди.

От федерацияси томонидан олиб келинган понилар эса болалар учун ҳақиқий мўъжиза бўлди. Уларнинг кўзларидаги ҳайрат ва қувонч, пониларни қўл билан силаб кўришга интилиш уларнинг қалбини чексиз завқу шавққа тўлдирди.

Фестивалда болалар табиат манзараларини тасвирлаб, расмлар чизди. Бу орқали ўз ички дунёларини, орзуларини ва тасаввурларини қоғозга муҳрлади. Шунингдек, фестивалда болаларга ширинликлар тарқатилди.
Бундай инклюзив муҳит, болаларга эътибор уларнинг қалбига қувонч олиб кирди, самимийлик туйғуларини уйғотди. Энг муҳими, ҳар бир бола ўзини керакли ва қадрли ҳис қилиши учун муҳим майдон бўлди.
М.Комилова,
ЎзА